Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қатарнинг “Al Jazeera” телеканали ўз порталида Самарқанд ҳақида мақола эълон қилиб, унда шаҳарни Ипак йўлининг дурдонаси ҳамда ислом илм-фани, маданияти ва меъморчилигининг муҳим маркази сифатида тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Материал муаллифи ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган журналистлар, академиклар ва блогерлар гуруҳи таркибида Тошкентдан Самарқандга тезюрар поездда йўл олган.
Сафарнинг асосий объектларидан бири яқинда қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган Имом Бухорий мажмуаси бўлди. Унинг таркибига 10 минг кишилик масжид, буюк ҳадисшуноснинг ҳаёти ва илмий сафарларига бағишланган музей, унинг мақбараси ҳамда Ҳадис илми институти киради.
Музейга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, у ерда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг қадимий қўлёзмалари, Қуръони каримнинг ноёб нусхалари, олимнинг илмий сафарлари харитаси, шунингдек, унинг устозлари ва шогирдлари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Музейда келтирилган маълумотларга кўра, Имом Бухорий кўп йиллик сафарлари давомида 600 мингга яқин ҳадис тўплаган бўлиб, улардан 7,2 мингтаси унинг машҳур асарига киритилган.
Мақолада, шунингдек, 2018 йилда очилган Ҳадис илми мактаби ҳақида ҳам сўз юритилади. Бу ерда талабалар беш йил давомида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларнинг меросини ҳамда олтита машҳур ҳадислар тўпламини атрофлича ўрганадилар.
Нашрда марказий ўринни Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари жойлашган Регистон майдони эгаллайди. “Al Jazeera” уларнинг меъморий аҳамияти ҳамда Самарқанднинг илмий ва маданий ривожланиш тарихи билан боғлиқлигини таъкидлайди.
Муаллиф, шунингдек, Амир Темур, унинг фарзандлари ва набиралари дафн этилган Гўри Амир мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Темурийлар сулоласи вакилларининг мақбаралари жойлашган Шоҳи Зинда мажмуасини ҳам зиёрат қилган.
Материалнинг якуний қисмида Самарқанд Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо йўллари билан боғлиқ қадимий цивилизациялар ва маданиятлар туташган шаҳар сифатида таърифланади. Муаллифнинг баҳолашича, шаҳарнинг тарихий мероси унинг замонавий тараққиёти билан уйғунлашиб, авлодлар ва маданий анъаналар ўртасидаги боғлиқликни сақлаб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати