Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган юртдошларимизнинг мурожаатлари, фикр ва мулоҳазаларини тинглади.
Қабул давомида шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий ёрдам сўровлари каби мавзулар тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни ободонлаштириш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ҳам қайд этилди.
Ваколат доирасидаги масалалар бўйича масъул ходимларга топшириқлар берилди ва фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш бўйича чоралар кўрилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати