3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Бухоро вилоятидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Ташрифлар давомида уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилиб, аҳволидан хабар олиш, маънавий кўмак кўрсатиш ҳамда эътибор-эҳтимом билдириш мақсадида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди.
Ислом дини инсон қадрини барча нарсадан устун қўяди. Қуръони карим оятлари ва муборак ҳадисларда жисмоний имконияти чекланган шахсларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларга мадад бериш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ўгит ва тавсиялар баён этилган. Мазкур хайрли ташаббуслар ҳам ана шу олий инсоний ва исломий қадриятларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати