frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

05.12.2025   9236   1 min.
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Истанбулдаги ўзбеклар даргоҳи: уч асрга яқин тарих янги тадқиқотлар асосида

23.09.2026   3855   9 min.
Истанбулдаги ўзбеклар даргоҳи: уч асрга яқин тарих янги тадқиқотлар асосида

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформасида илмий-тадқиқот ишлари қизғин давом этмоқда. Айни пайтда тайёрланаётган қатор илмий-оммабоп китоблар орасида Марказий Осиё халқларининг хориждаги тарихий-маданий мероси ва кўп асрлик алоқаларини ёритишга бағишланган тадқиқотлар ҳам бор. Шундай нашрлардан бири Истанбул шаҳрининг Ускудар тумани, Султонтепа ҳудудида жойлашган Ўзбеклар даргоҳи — “Ўзбеклар хонақоҳи” тарихига бағишланган илмий мақолалар тўплами, хабар бермоқда iccu.uz.

Мазкур китобда қарийб икки аср давомида Марказий Осиёдан Истанбул орқали ҳаж сафарига чиққан зиёратчилар, Нақшбандия тариқати вакиллари, шоир ва ёзувчилар, зиёлилар ҳамда турли мақсадларда сафар қилган ватандошларимиз учун муҳим қўнaлға ва манзилгоҳ бўлиб хизмат қилган даргоҳнинг тарихи кенг ёритилган.

Ҳаж сафаридаги муҳим манзилгоҳ

Ўзбеклар даргоҳининг шаклланиш тарихини Истанбулнинг Усмонийлар даврида Марказий Осиё билан олиб борган алоқаларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Ўша даврда Марказий Осиёдан Макка ва Мадинага ҳаж сафарига чиққан зиёратчиларнинг йўналишларидан бири Истанбул орқали ўтар, сафарнинг кейинги босқичига тайёргарлик кўриш учун улар шаҳарда муайян муддат тўхтаб ўтар эдилар.

1752–1753 йилларда барпо этилган Ўзбеклар даргоҳи ана шундай зиёратчилар учун муҳим масканга айланган. Бу ерда мусофирлар дам олган, ибодат қилган, сафарга тайёргарлик кўрган. Кейинчалик даргоҳнинг вазифаси кенгайиб, Истанбулда истиқомат қилган ўзбеклар ва Марказий Осиёдан келган Нақшбандия тариқати вакилларининг доимий масканига айланган.

Тарихий манбаларда даргоҳнинг нафақат ҳаж зиёратчилари, балки илм ва маърифат аҳли учун ҳам очиқ маскан бўлгани қайд этилади. Бу ерда турли суҳбатлар, илмий-маърифий мулоқотлар, мушоира ва маданий тадбирлар ўтказилган, меҳмонлар қабул қилинган. Истанбулдаги ўзбек хонақоҳлари, умуман, Марказий Осиёдан келган зиёратчилар учун қўноқ, диний таълим ва маърифат маскани, маданий ҳамда ижтимоий марказ вазифаларини бажарган.

Нақшбандия тариқати ва маърифий муҳит

Ўзбеклар даргоҳи тарихида Нақшбандия тариқати алоҳида ўрин тутади. Китобда даргоҳдаги тасаввуфий фаолият, шайхлар ҳаёти ва уларнинг жамоатчилик ҳамда маърифий ҳаётдаги иштироки архив манбалари асосида тадқиқ этилган.

Даргоҳ нафақат зикр ва ибодат маскани, балки Марказий Осиёдан келган зиёлилар, шоирлар ва уламолар ўзаро мулоқот қиладиган маърифий муҳит сифатида ҳам шаклланган. Бу ерда турли мавзуларда суҳбат ва баҳс-мунозаралар ўтказилган, адабий-маърифий анъаналар давом эттирилган.

Даргоҳдаги маърифий муҳитнинг кўламини унда сақланган ёзма манбалар ҳам кўрсатади. Жумладан, хонақоҳ айвонида ҳижрий 1182 йил — милодий 1769 йилда эски ўзбек тилида арабий ёзувда битилган китобада унинг Нақшбандия даргоҳи сифатидаги мақоми акс этган.

Даргоҳнинг вақф тарихига доир янги маълумотлар

Китобнинг муҳим илмий янгиликларидан бири Ўзбеклар даргоҳининг вақф тарихи ва ҳуқуқий мақомига оид маълумотларни архив ҳужжатлари асосида қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ.

Тадқиқотлар натижасида илмий адабиётларда илгари келтирилган айрим маълумотларга аниқлик киритилган. Хусусан, даргоҳнинг биринчи шайхи сифатида тилга олинган Шайх Абдуллоҳнинг тўлиқ исми — Саййид Шайх Абдуллоҳ Акбар Афанди ибн Асадуллоҳ ал-Ўзбекий экани аниқланган.

Шу билан бирга, 1752–1753 йилларда барпо этилган даргоҳ учун айнан дастлабки даврда алоҳида вақф ташкил этилгани ҳақидаги қараш архив ҳужжатлари асосида қайта кўриб чиқилган. Тадқиқотларга кўра, Ўзбеклар даргоҳи учун алоҳида вақф 1788 йилда ал-Ҳож Халил Оға ибн Аҳмад Афанди томонидан ташкил этилган ва шу орқали даргоҳнинг ҳуқуқий мақоми расмийлаштирилган. Вақф ҳужжатида даргоҳ Нақшбандия хонақоҳи сифатида қайд этилиб, дастлаб Самарқанд шаҳрининг Қаландархона маҳалласидан келган дарвешларга хизмат кўрсатгани кўрсатилган. Кейинчалик вақф шартларига ўзгартиш киритилиб, бошқа Нақшбандия дарвешларининг ҳам даргоҳда тунаб қолишига рухсат берилган.

Бу маълумотлар Ўзбеклар даргоҳининг фақат диний иншоот эмас, балки муайян ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий тизим асосида фаолият юритган тарихий муассаса бўлганини англаш имконини беради.

Шайхлар ва даргоҳнинг жамоат ҳаётидаги ўрни

Китобда даргоҳ шайхлари ҳақидаги архив маълумотлари ҳам алоҳида тадқиқ этилган. Уларда шайхларнинг нафақат даргоҳ ҳаёти, балки Истанбулдаги Марказий Осиёликлар ўртасидаги алоқаларда тутган ўрни ҳам кўринади.

Архив ҳужжатларида 1797 йилда Усмоний давлатидан паноҳ сўраган Мовароуннаҳр уламолари — Шайх Абдураҳим, Шайх Ҳамза, Шайх Муҳаммад Салим ва Шайх Абдукарим ҳамроҳлари билан Ускудардаги Ўзбек такясида меҳмон бўлгани қайд этилган. Шунингдек, XIX асрда даргоҳ шайхи Сулоймон Афандининг Марказий Осиёдан келган шахсларни қўллаб-қувватлашдаги ролига ишора қилувчи ҳужжатлар ҳам мавжуд.

Бу каби ҳужжатлар Ўзбеклар даргоҳи Марказий Осиёдан Истанбулга келган кишилар учун оддий қўналға эмас, балки уларни бирлаштирувчи ижтимоий ва маърифий марказ вазифасини ҳам бажарганини кўрсатади.

Иқтисодий ва маданий фаолият

Тадқиқотда даргоҳнинг ички ҳаётининг иқтисодий томонлари ҳам четлаб ўтилмаган. Хусусан, ундаги ишлаб чиқариш жараёнлари, ҳисоб-китоб дафтарлари ва иқтисодий фаолият алоҳида илмий мақолаларда таҳлил қилинган.

Шунингдек, даргоҳдаги меъморий ёзувлар, китобалар, мусиқий мерос ва санъат намуналари ҳам ўрганилган. Бу эса Ўзбеклар даргоҳи тарихини фақат диний иншоот тарихи сифатида эмас, балки ўз давридаги ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳаётни ўзида акс эттирган кўп қиррали маскан сифатида тадқиқ этиш имконини беради.

Айрим архив ҳужжатларида даргоҳ шайхи Сулоймон Афандининг матбаа таълими учун зарур ҳарф териш ускуналари ва бошқа материалларни сўраб қилган мурожаати, шунингдек, Балх, Бухоро, Қўқон ва Қошғар ҳожилари фойдаланиши учун Жиддада барпо этилган завия билан боғлиқ ишлар ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди.

Миллий озодлик ҳаракатидаги ўрни

Ўзбеклар даргоҳи тарихининг яна бир муҳим қирраси унинг Туркия миллий озодлик ҳаракати давридаги фаолияти билан боғлиқ.

Китобда келтирилган тадқиқотларда даргоҳнинг Усмонийлар империясининг сўнгги йилларида ва Туркия миллий озодлик уруши даврида тутган ўрни ҳам ёритилган. Жумладан, 1919 йилда даргоҳда Туркия миллий армияси аскарлари учун госпиталь жойлаштирилгани ҳақида маълумотлар келтирилади.

Шу тариқа, бир вақтлар ҳаж зиёратчилари ва мусофирлар учун қўналға бўлган маскан кейинчалик минтақа тарихидаги мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг бевосита гувоҳи бўлган.

Аждодлар меросининг бугунги аҳамияти

Бугунги кунда Султонтепадаги Ўзбеклар даргоҳи Туркияга ташриф буюраётган ватандошларимиз учун яқин ўтмишдаги аждодларимиздан қолган ноёб маданий мерос сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Даргоҳ тарихи Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг замонавий босқичидан анча олдин шаклланган кўп асрлик маданий-маърифий алоқалар мавжуд бўлганини кўрсатади. Марказий Осиёдан Истанбулга келган зиёратчилар, уламолар, шайхлар, шоир ва зиёлилар орқали шаклланган бу алоқалар диний ҳаёт билан бир қаторда адабиёт, илм-фан, санъат, савдо ва ижтимоий муносабатларни ҳам қамраб олган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбеклар даргоҳи тарихини ўрганиш нафақат бир тарихий обида тақдирини тадқиқ этиш, балки Марказий Осиё ва Усмонийлар дунёси ўртасидаги узоқ давом этган цивилизацион алоқаларни англаш учун ҳам муҳимдир.

Китобда қамраб олинган тадқиқотлар

Тайёрланаётган китобда Ўзбеклар даргоҳи тарихининг турли йўналишларига бағишланган илмий мақолалар жамланган. Жумладан, Ҳасан Демиртошнинг «Ускудар Ўзбеклар даргоҳи вақф низомининг дипломатик ва тузилмавий таҳлили», Эркан Овучнинг «Ўзбеклар даргоҳи шайхлари ҳақида архив маълумотлари», Серпил Ўзжаннинг «Сайёҳлар қўнимгоҳи: Султонтепа Ўзбеклар даргоҳи», Умар Фаруқ Жаннинг даргоҳдаги ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолиятга бағишланган тадқиқоти, Умар Кўчйиғитнинг даргоҳ китобалари ҳақидаги мақоласи ўрин олган.

Шунингдек, Марва Кубро Инжанинг миллий озодлик ҳаракатлари пайтида Ўзбеклар даргоҳининг тутган ўрни, Мелиҳ Содиқ Кучукернинг Шайх Ато ва Шайх Нажмиддинларнинг даргоҳдаги фаолиятига оид оилавий архив ҳужжатлари таҳлили ҳамда Сулаймон Эргўнарнинг Ўзбеклар даргоҳининг мусиқий меросига бағишланган тадқиқоти китоб мазмунини бойитган.

Нашрда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборовнинг «Истанбулнинг ўзбекона обидаси» номли мақоласи ҳам жой олган. Унда даргоҳнинг тарихий аҳамияти, унинг ҳаж зиёратчилари ва Нақшбандия тариқати вакиллари ҳаётидаги ўрни, Марказий Осиё билан алоқалари ҳамда бугунги маданий мерос сифатидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

Умуман, мазкур китобда жамланган тадқиқотлар Ўзбеклар даргоҳи тарихини турли манбалар — архив ҳужжатлари, вақфномалар, хатлар, қайдномалар ва шахсий архив материаллари асосида қайта кўриб чиқиш, илмий жиҳатдан бойитиш ва янги маълумотларни илмий муомалага киритишга қаратилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ушбу каби тадқиқотларнинг тайёрланиши Марказнинг халқаро илмий-маърифий платформаси доирасида Ўзбекистон тарихига, аждодлар меросига ва хорижда сақланиб келаётган тарихий-маданий манбаларга янгича илмий ёндашув асосида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари