Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати