Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабаларининг қишки таътил муддатлари маълум бўлди.
Унга кўра, қишки таътил 2025 йил 29 декабрдан 2026 йил 10 январгача белгиланди. Дарс машғулотлари эса 2026 йил 12 январдан давом этади.
Шунингдек, талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил даврида доимий яшаш ҳудудларига (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига) бориб-келишини қулай қилиш мақсадида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Uzbekistan Airways» АЖ билан ҳамкорликда қўшимча имкониятлар яратилади. Жумладан, 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январига қадар (шу куни ҳам) талабалар ва ўқувчилар учун 50 фоиз чегирма асосида йўл чипталари сотуви йўлга қўйилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати