Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Киши тонгда ўзининг Қуръон вирдини – у ёд олиш ёки тиловат қилиш бўлсин ҳамда тонги зикрларни айтишдан фориғ бўлмагунича алоқа воситалари, интернет тармоқларини очмасликка ўзини ўргатиши фиқҳул авлавиётдан ҳисобланади.
Чунки ушбу тонгги оралиқ, фурсат энг қадрли, аҳамиятли вақтлардан бўлиб, уни чалғитадиган, зеҳнини паришон қиладиган ва вақтини ўғирлайдиган барча нарсадан четланган киши учун жуда катта фойдалар бўлади.
Изоҳ: “Фиқҳул авлавиёт” – устун турадиган нарсалар фиқҳи ёки бирламчи масалалар фиқҳи деганидир. Яъни, шариатда устун турадиган нарсалар фиқҳига нисбатан қўлланиладиган атама.
Роббимга ишонч ила дуо этарман,
Кўп ўтмай унинг ижобатин кўрарман.
Эрталаб уйғонган вақтингизда бир оз ўйлаб кўринг. Бугун тонг отди. Ушбу тонг қанчадан-қанча фақирлар устидан нур сочди, сиз эса неъмат ичидасиз. Бу тонг минглаб ҳибсдагилар, қанчадан-қанча очлар узра нур сочмоқда, сиз эса қорнингиз тўқ ва озодликдасиз. Қанчадан-қанча аёллар мусибатга учраган, яқинларини йўқотган, сиз эса саломат ва бахтиёрсиз. Қанча аёлларнинг кўзида ёш, минглаб оналарнинг қалбида азоб ва яна қанча гўдакларнинг томоғида алам қичқириғи бор. Сиз эса табассум билан яшамоқдасиз. Шундай экан, Аллоҳнинг карами ва лутфи учун У зотга ҳамд айтинг.
Ўзингиз билан ёлғиз қолинг ҳамда сизда қанча мол-дунё ва неъматлар борлигини бир ҳисоб-китоб қилиб кўринг: Чирой, мол-мулк, оила, уй, Ватан, нур, ҳаво, таом, дори-дармон ва ҳоказо... Шундай экан, хурсанд бўлинг ва бахтни ҳис этинг!
Шуъла: Ўзингиздаги пуллар эвасизга фақирлар дуоси ва мискинлар муҳаббатини сотиб олинг.