Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.