Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Сентябр, 2026   |   11 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:51
Қуёш
06:10
Пешин
12:16
Аср
16:32
Шом
18:25
Хуфтон
19:40
Bismillah
22 Сентябр, 2026, 11 Рабиъус сони, 1448
Янгиликлар

18.12.2025   9556   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тақдир ва фаоллик мувозанати: исломий дунёқараш ва замонавий ривожланиш

22.09.2026   3078   33 min.
Тақдир ва фаоллик мувозанати: исломий дунёқараш ва замонавий ривожланиш

 1. Кириш

     Тақдир ва инсон фаоллиги мувозанати — исломий дунёқарашнинг энг нозик ва энг муҳимида турган мавзуларидан биридир. Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг тақдирини ўзининг чексиз илоҳий илми ва ҳикмати асосида Лавҳул-маҳфузда белгилаб қўйган [1]. Бироқ, бу тақдир инсон фаоллигини инкор этмайди. Аксинча, Қуръон ва суннатда инсоннинг иродаси, ҳаракати ва масъулиятини тасдиқловчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, ислом таълимоти пассивликни эмас, фаоллик ва ҳаракатни тарғиб этади.

      Замонавий фалсафа ва ижтимоий таҳлиллар ҳам шуни кўрсатмоқдаки, ривожланишга эришган жамиятларда инсон капитали, яъни фаол фуқаролик, билим, меҳнат ва масъулият асосий омил сифатида намоён бўлади. Мусулмон жамиятларида эса баъзан тақдир тушунчаси нотўғри талқин қилиниб, фаолиятсизликка баҳона қилинади. Шу сабабли, мазкур мақолада илоҳий тақдирни тан олган ҳолда инсон фаоллигининг исломий ва илмий асослари таҳлил қилинади.

     Мақсад — инсон тақдирида фаол иштирок этиши, ҳаракат ва сабабларга боғланиши, шу билан бирга холис ният ва таваккул билан яшашнинг маънавий ва амалий асосларини кўрсатишдир. Чунки ҳақиқий исломий ривожланиш айнан шу мувозанатда намоён бўлади.

2. Тақдир, ризқ ва инсон иродаси ўртасидаги мувозанат

 

      Аввало, инсонларнинг турмуш даражаси бўйича юқори кўрсаткичларга эга бўлган айрим ислом мамлакатларига эътибор қаратсак, уларнинг ривожланиш даражаси Халқаро инсон ривожланиш индекси (HDI) билан баҳоланади. Мусулмон аҳолиси кўп бўлган давлатлар орасида энг юқори HDI кўрсаткичига эга мамлакатлар қуйидагилар ҳисобланади:

  • Бирлашган Араб Амирликлари (UAE) — тахминан 11–12-ўрин,
  • Саудия Арабистони — тахминан 21-ўрин,
  • Қатар — тахминан 29–30-ўрин,
  • Бруней — 35–43-ўрин оралиғида,
  • Баҳрайн, Оман ва Кувейт — 41–60-ўринлар оралиғида,
  • Туркия — 45–48-ўринлар,
  • Малайзия — 62–63-ўринлар атрофида.

    Қизиқ томони шундаки, сўнгги 30–40 йил мобайнида ушбу давлатлар ривожланишга турлича йўллар билан эришган. Туркия ва Малайзиянинг ўсиши, асосан, иқтисодий ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар соҳасининг ривожига боғлиқ бўлган бўлса, юқори ўринларни эгаллаб турган давлатлар асосан табиий ресурсларни самарали бошқариш орқали бу натижаларга эришган.

    Бошқа бир тоифадаги мамлакатлар — яъни табиий ресурсларга кам ёки етарли даражада эга бўлмаган, бироқ катта аҳоли салоҳияти ва муайян иқтисодий имкониятларга эга давлатлар (масалан, Индонезия, Миср, Марокаш, Тунис, Ўзбекистон, Бангладеш ва бошқалар) ривожланишида асосий омил инсон капитали, ижтимоий фаоллик ва ишлаб чиқариш салоҳияти ҳисобланади. Аммо бу давлатларда жамиятнинг умумий фаоллик даражаси етарли эмаслиги ривожланиш суръатларини чеклаб келмоқда.

     Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда илм-фан ва дин ўртасидаги муносабатларда муҳим ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сонли Фармонда белгиланган устувор йўналишлардан бири — “Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш” ташаббуси алоҳида эътирофга сазовордир.

    Натижада, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсатига асосан, ислом таълимоти ва дунёвий билимлар ўртасида узоқ вақтдан бери мавжуд бўлиб келаётган 100 га яқин тушунмовчилик илм-фан ютуқлари асосида илмий таҳлил қилинди ва уларнинг ечимларини ўз ичига олган китоблар, рисолалар ҳамда мақолалар нашр этилди.

     Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилдаги Туркий давлатлар саммитидаги нутқида: “Ислоҳотлар нафақат иқтисодий, балки маънавий ва маърифатли бўлиши ҳаётий заруратдир”, деб алоҳида таъкидлади. Ушбу фикр юқорида зикр этилган давлатлар тараққиёти учун ҳам умумий стратегик аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

    Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ислом оламидаги тарихий ривожланиш жараёнлари, айниқса Ренессанс даврларида кузатилган илмий ва маънавий юксалишлар Қуръон ва суннат асосида амалга ошган. Ислом уммати ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат деб билиб яшаган даврларда, у инсоният маънавияти ва тамаддунининг етакчи кучига айланган.

     Натижада, милодий IX–XII асрларда биринчи мусулмон Ренессанси, XIV–XVI асрларда эса иккинчи Ренессанс даври шаклланган. Бу уйғониш даврларининг юксалишида улкан ҳисса қўшган аждод мутафаккирларимиз Ислом маърифати асосида жаҳон тамаддунига пойдевор бўлган илмий ва амалий меросни вужудга келтирганлар (Усмонхон Алимов, собиқ муфтий ҳазратлари).

    Ушбу даврларда Шарқда илм-фан ва дин ўзаро уйғунликда мавжуд бўлиб, уларнинг муносабатлари конструктив асосда ривожланган. Ҳатто айрим ихтилофлар ҳам муросали ва ижобий мулоқот шаклида кечгани сабабли, минтақада илмий-маънавий гуллаб-яшнаши таъминланган (Абдулла Аъзам. «Фан ва дин: муносабат диалектикаси». Тафаккур, №1, 1999, Б. 42–57).

    Ҳар икки Ренессанс даврининг умумий хулосаси шундан иборатки: тараққиётнинг асосий манбаи — инсон фаоллигини Қуръондаги ақидавий ва маънавий илҳом асосида рағбатлантиришдир. Эътиқод ва ҳаракат уйғунлиги илм, адолат ва иқтисодий ривожланиш учун устувор омил сифатида намоён бўлган.

   Юқорида таъкидланганидек, кўпгина Ислом давлатларида жамиятнинг умумий фаоллик даражаси етарли эмаслигининг асосий сабабларидан бири — дунёқарашдаги зиддиятли ёндашувлардир. Хусусан, қуйидаги тенденциялар тараққиётга жиддий тўсиқ бўлмоқда:

  • Тақдирга ишонч мавжуд, ризқ Аллоҳдан деган эътиқод устун, аммо ҳаракатсизлик ҳукмрон;
  • Ислом қадриятларига катта аҳамият берилади, бироқ ижтимоий масъулият етарли эмас.

    Бундай қарашлар инсон фаоллигини пасайтирувчи ва ривожланишни чекловчи омилга айланади. Натижада иқтисодий, сиёсий ёки технологик соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кутилган самарани бермай қолади.

   Шу нуқтаи назардан, Жаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси Али Муҳйиддин Қорадоғий ҳазратларининг 2024 йил 17–18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуманда билдирган қуйидаги фикрларини келтириш ўринли бўлади:

   “Бугунги мураккаб дунёда динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш ўта мушкул. Бироқ айнан мана шу қийинчиликни қандай чиройли ва самарали тарзда енгиб ўтиш мумкинлигини Ўзбекистон Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари мисолида яққол кўриш мумкин”.

     Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фан ва Ислом илмларига қаратилаётган юқори даражадаги эътибор туфайли, Янги Ўзбекистонда илм ва дин ўртасидаги уйғунлик мустаҳкам сақланмоқда ва улар бир-бирини тўлдириб келмоқда. Айни мана шу омил жамиятда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, бугунги кунда иқтисодиётимиз режали равишда ривожланмоқда ва барча соҳаларда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

     Охирги йиллардаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ҳақиқий диний-марифий ривожланишга замин яратиш мақсадида интеллектуал ва маънавий пойдеворни қайта шакллантиришга қаратилган сиёсий ва маърифий саъй-ҳаракатлар қуйидаги стратегик йўналишлар асосида амалга оширилаётганини кўриш мумкин :

1. Ақидавий асосларни замонавий таҳлил қилиш
– Тақдир тушунчаси Аллоҳнинг барча нарсани қамраб олган илмига ишонч билан бир қаторда, инсон иродаси, танлови ва масъулиятини англаш асосида қайта шарҳланмоқда.
– Ризқ, фақат илоҳий тақсим сифатида эмас, балки инсоннинг ҳаракат, меҳнат ва интилишлари натижасида келадиган неъмат сифатида талқин этилмоқда.
– Фаоллик эса имоннинг ажралмас таркибий қисми сифатида қайта баҳоланмоқда.

2. Инсон фаоллигини исломий қадрият сифатида мустаҳкамлаш
– Ислом таълимотида ҳар қандай саъй-ҳаракатнинг нафақат дунёвий, балки охират ҳаёти учун ҳам самарали эканлиги таълим этилиши орқали фаоллик муҳим маънавий қадрият сифатида қайта англанмоқда.

3. Исломий илм ва замонавий фанни уйғунлаштириш
– Қуръоний илҳом асосида илмий изланишларни рағбатлантириш ҳамда шариат илмлари билан табиий ва ижтимоий фанлар ўртасида мустаҳкам боғлиқликни тиклаш орқали янги илмий ривожланиш модели шакллантирилмоқда.

4. Ишлаб чиқаришни маънавий мақсадлар билан боғлаш
 – Моддий ишлаб чиқариш фаолияти фақат иқтисодий манфаат учун эмас, балки уни яхшилик воситасига айлантириш, ахлоқий юксалишга ва охиратни обод этишга қаратилган маънавий вазифа сифатида баҳоланмоқда.

     Табиий ресурслари чекланган ёки етарли эмас бўлган баъзи мусулмон давлатлари учун ҳақиқий ва барқарор ривожланишга эришиш — тақдир, ризқ ва инсон фаолиятига оид анъанавий диний тушунчаларни замонавий илмий ва ижтимоий нуқтаи назардан қайта таҳлил қилмасдан мумкин эмаслиги кўп ҳолларда назардан четда қолиб келмоқда.

   Янги Ўзбекистон мисолида эса бу масала юксак давлат сиёсати даражасида, Президентимиз ташаббуслари билан аниқ ва амалий равишда намоён бўлди.

    Шу билан бирга, Учинчи Ислом Ренессанси табиий бойликларга эмас, балки билим, меҳнат, маърифат ва маънавий уйғонишга эҳтиёжманд халқлар орасида шаклланиши мумкин экани амалда исботланмоқда. Бу жараёнда маънавий ва илмий етуклик ҳамда инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

     Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар — Учинчи Ислом Ренессансига олиб борувчи интеллектуал, маънавий ва иқтисодий пойдеворни яратиш салоҳиятига эга бўлгани учун алоҳида аҳамиятга эгадир. Ушбу йўналишлар Ислом оламида янги илмий-маънавий уйғониш жараёнини бошлаб бериш имконини яратади ҳамда анъанавий диний қарашларни замонавий билим ва жамият эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш орқали барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.

   Баён этилган назария ва ёндашувларнинг амалий ва мантиқий асосларини кўрсатиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан расмий рухсат берилган ва 2022 йилда ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган “Илоҳий тақдир, ажал ва ризқ ҳақида баъзи мулоҳазалар” номли рисола мисол тариқасида келтириш ўринлидир [2]. Ушбу асарда Буюк Зот — Аллоҳ таоло инсонларнинг тақдирини белгилашда Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳикмат асосида, уларнинг шахсий масъулиятини ҳам эътиборга олган ҳолда, тақдирни Лавҳул-маҳфузга ёздириб қўйгани ҳақида мулоҳазалар билдирилган. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар қандай йўл тутса, Аллоҳ томонидан белгиланган тақдир ва ризқда фаол иштирок этиши мумкинлиги илмий-диний нуқтаи назардан асослаб берилган.

    Бундан ташқари, Қуръон Каримда шундай марҳамат қилинади:
«Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир.» (Ҳуд сураси, 6-оят)[1].

   Бу илоҳий илм инсон иродаси ва фаоллигини инкор этмайди. Аксинча, инсон ўз танловлари билан ҳаракат қилувчи, лекин Аллоҳнинг мукаммал илми ва ҳикмати доирасида фаолият юритадиган мавжудотдир [3]. У ўз эҳтиёжини қондириш учун меҳнат қилади, ундан ошиғи эса орзу ва хоҳишлар бўлади.

   Бу оятдан шундай маъно англаш мумкин: инсоннинг умри тугамагунча, ҳатто фаол меҳнат қилмаса ҳам, у ризқсиз қолмайди — Аллоҳ таоло уни турли воситалар, жумладан, яқинлари, қўни-қўшнилари ва саҳоватли инсонларнинг ризқига шерик қилиб, улар орқали ризқлантиради.

    Лекин уламолар таъкидлашича, ҳар бир меҳнатга яроқли инсон ўз ризқини кимлардир орқали етказилишини кутмаслиги, балки унда фаол иштирок этиши лозим. Акс ҳолда, Қиёматда бу ҳақда сўралиши мумкинлиги уқтирилган.

   Қуръонда яна шундай оят бор: « (Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) маъсул бўлур ( жавоб берур (Исро, 36-оят).

   Яъни, инсон Қиёмат кунида фақат қилган ишлари учун эмас, балки қилмаган, аммо қила оладиган, топмаган, аммо топиши мумкин бўлган ишлари учун ҳам сўроқ қилинади. Фаолиятсизлик ва имкониятдан фойдаланмаслик — беҳурматлик эмас, балки масъулиятсизлик ҳисобланади.

    Инсонга берилган ақл, куч ва имкониятлар — Аллоҳнинг неъматидир. Уларни ишга солмаслик — бу неъматга нисбатан ношукрлик ҳисобланади.

   Шунинг учун инсон доимо ўз имкониятларидан оқилона фойдаланиши, ризқ талабида фаол иштирок этиши ва сабабларга боғланиши зарур. Аллоҳ таоло бу дунёда ризқни ўз иродаси билан белгиласа-да, инсондан ҳаракат ва масъулият талаб қилади.

   Шу ўринда табиий савол туғилади: агар инсоннинг тақдири ва ризқи азалдан белгиланган бўлса, у ҳолда унинг бу жараёндаги фаоллиги қандай маъно касб этади?

   Жавоб шундаки, Аллоҳ таоло ўзининг чексиз илмида Қиёматга қадар бўладиган барча воқеаларни, жумладан, инсонларнинг қандай фаолият билан шуғулланишини:  кимларнинг илмий, ижтимоий ёки иқтисодий жиҳатдан фаол бўлишини, кимларнинг эса ялқовликни танлашини ҳам олдиндан билгандир.

   Инсон тақдирининг маълум бир қисми айнан унинг танловлари асосида белгилаб қўйилгандир. Шу боис, ҳар бир инсон ўз танлови орқали тақдирида фаол иштирок этади [2].

   Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:"Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур."(Нажм, 39-оят)

   Яъни, инсон қилган ҳаракатининг натижасини олади, унинг келажаги фаол саъй-ҳаракат билан боғлиқ. Бу оят инсоний ҳаракатнинг қадри ва зарурлигини очиқ кўрсатиб туради.

   Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо саҳобаларни ҳаракат ва сабабларга боғланишга тарғиб қилар эдилар.

    Бир куни саҳобалардан бири туясини боғламай туриб: «Таваккал қилдим», деди. Шунда у зот: «Аввал туянгни боғла, кейин таваккал қил», — дедилар. (Термизий, Сунан, 2517-ҳадис)

    Бу ҳадис инсоннинг тақдирга ишониши билан бирга, ҳаракат қилиш бурчини ҳам ёрқин ифода этади.

   Шунинг учун, ҳақиқий исломий қарашга кўра, тақдирга ишониш — фаолиятсизлик эмас, балки ҳаракат билан бирга таваккул қилишдир. Инсон ўз ризқини, бахтини ва муваффақиятини излаб топиш учун ҳаракат қилиши, меҳнат қилишда жазмли ва масъулиятли бўлиши керак. Чунки фаолиятсизлик — тақдирни кутиш эмас, уни тарк этишдир.

   Ислом илоҳиётида "барака" тушунчаси — Аллоҳдан бирор ишга ривож, хайрли натижа ва оқ фотиҳа сўраш маъносини англатади. Ушбу тушунча халқ оғзаки нутқида кенг тарқалган бўлиб, вақт ўтиши билан унга меҳнат ва фаолиятдаги унумдорлик, ҳосилдорлик ва даромадда мўл-кўллик мазмуни юкланган.

    Юксак илмий салоҳиятга эга уламолардан бири — шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бараканинг ҳақиқий моҳияти ҳақида шундай таъриф берганлар: "Барака — топилган маблағнинг миқдори билан эмас, балки унинг қандай мақсадларга ва қай тарзда сарфланишида намоён бўлади."

    Шариат таълимотларига кўра, мол-мулкка эга бўлган шахс, аввало, ўз ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари ва яқин қариндошларига ёрдам беришга масъул ҳисобланади. Ана шундай тартибда тақсимланган мол баракали ҳисобланади ва инсоннинг амаллар дафтарига савоб сифатида ёзилади.

   Акс ҳолда, яъни агар инсон ўз молидан таниш-билишларига ёрдам кўрсатиб, бироқ ўз яқин қариндошларини эътиборсиз қолдирса, бундай ёрдам савобдан холи бўлиши мумкинлиги уламолар томонидан таъкидланган.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:"Садақани қариндошларга бериш — икки карра: садақа ва қариндошлик ришталарини боғлашдир" (Имом Тирмизий ривояти, №658).

   Бу  ҳадисдан англашиладики, қариндошларга ёрдам бериш — нафақат саховат, балки диндорлик, тақво ва ижтимоий адолатнинг ҳам кўриниши ҳисобланади. Яқинларга қилинган яхшилик Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади, қалбни поклайди ва жамиятда муҳаббат ҳамда бирдамликни мустаҳкамлайди.

    Бугунги кунда Ер юзида миллионлаб сахий инсонлар борки, улар ўз бойликларидан бошқаларнинг оғирини енгил қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида меҳр-шафқат ила харажат қилмоқдалар. Улар орасида шариат таълимотларидан бехабар бўлганлар ҳам талайгина. Албатта, Буюк Яратувчи бундай инсонларнинг инсоний фазилатларини қадрлайди, улар қилган яхшилик ва саховатни беэътибор қолдирмайди.

     Бироқ Қуръони каримда аниқ баён этилганидек, агар инсон Аллоҳ таолони танимаса, Унинг ягона Зот эканини инкор этса ёки Унга фарзанд нисбат берса, бундай ҳолда унинг қилган хайрли амаллари амаллар дафтарига савоб сифатида ёзилмайди. Чунки имон — ҳар қандай амалнинг руҳи, асоси ва қабул бўлишининг бош шартидир. Қуръони каримда шундай оят зикр этилган: «Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён  кўрувчилардандир. »(Оли Имрон сураси, 85-оят).

       Шунингдек, баъзи уламолар оиладаги бир фарзандга бошқаларнинг ҳам ризқи бириктирилиши мумкин, деган фикрни илгари сурганлар. Бироқ бу қараш илоҳий адолат тамойилига тўғри келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга алоҳида масъулият юклатган ва унинг ризқи ҳам унинг шахсий ҳаракати, тафаккури ва саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ эканини Қуръон ва суннатда таъкидлаган. Инсонга юклатилган вазифалардан бири — Аллоҳ яратган коинот ва жамият қонун-қоидаларини ўрганиб, улардан фойдаланишдир [4]. Демак, қайси фарзанд ўз салоҳиятини англаб, билим ва тажрибасини оширган бўлса, унинг эришган муваффақиятлари айнан шу фаолиятнинг натижасидир.

     Халқ орасида кенг тарқалган "Тақдирда нима ёзилган бўлса, шу бўлади" деган ибора баъзан нотўғри тушунилиб, инсонни фаолиятдан, ҳаракатдан ва масъулиятдан четга суриб қўяди. Айримлар бу тушунчани ўзларига тасалли ёки сукунат учун баҳона қилиб, ҳар қандай ҳаракатни бефойда деб билиб, фақат сабр ва шукр билан чекланишни афзал кўрадилар.

    Ислом таълимоти эса фаолиятсизлик ва таслимкорона муносабатни эмас, балки ҳаракат ва масъулиятни тарғиб этади.Уламоларимиз буни оддий мисоллар билан тушунтирганлар: мўл ҳосил олишни истаган киши, аввал сабабларни — яъни уруғ экиш, сув бериш, парвариш қилиш каби амалларни бажаради. Кейин эса натижани Аллоҳдан сўрайди. Яъни, сабабларга суянади, аммо уларга ишониб қолмайди; шариатга амал қилади, лекин натижани Яратгандан умид қилади.

   Хулоса шуки, мўмин киши: “Тақдиримда нима битилгани — маълум эмас, лекин менга юклатилган вазифа маълум. Мен  шариат кўрсатмаларига амал қилиб, сабабларни юзага чиқариш орқали ўз бурчимни адо этишим лозим,”— деган тушунчага асосланиб, у доимо ҳаракатда, дуода ва Аллоҳнинг розилигини исташда бўлиши керак [2].

    Бугунги кунда кўплаб мусулмонлар ўзларига шундай савол бермоқдалар: «Нега исломга эътиқодимиз мустаҳкам бўлса-да, дунёвий соҳаларда ривожланмаяпмиз?» Бу савол ортида юксак эътиқод ва самимий изланиш ётади. Чунки мўмин инсон Аллоҳга ишонган, динига содиқ, ибодатига панд-насиҳат билан ёндашади. Шунга қарамай, илм-фан, технология, иқтисодиёт каби соҳаларда кутилган даражада ривожланмаганимиз кўпчиликни ўйлантирмоқда.

   Ушбу саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз асарларида қуйидагича жавоб берадилар: «Осмондаги ва ердаги барча нарсалар инсон манфаати учун бўйсундирилгандир. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар ким қилганига яраша баҳраманд бўлади. Бу неъматлар фақат мўминлар учун деб қўйилмаган» [5].

     Бу сўзлардан маълум бўладики, дунёвий муваффақият фақат имонга боғлиқ эмас. Балки бу Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган сабаб-натижа қонуниятларига амал қилишга боғлиқдир. Яъни, ким меҳнат қилса, сабабларга риоя қилса, унинг натижасидан баҳраманд бўлади — у мўмин бўлсин ёки мўмин бўлмасин.

   Уламолар таъкидлашича, мўмин инсон агар дунёвий ҳаракат қилса, ҳатто Аллоҳдан сўрамаган тақдирда ҳам, сабабларга амал қилгани учун ризқлантирилади. Бироқ, агар бу амал Аллоҳ розилиги учун қилинмаган бўлса, яъни ният холис бўлмаса ва таваккул (Аллоҳга суянч) мавжуд бўлмаса, унда бу амал охират дафтарларига савоб сифатида ёзилмайди.

   Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, акс ҳолатлар ҳам учрайди: мўмин шахс “Аллоҳ хоҳласа” деб ният қилиб, Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим сўзлари билан, юксак таваккул ила иш бошласа-да, кўп ҳолларда, агар зарур сабаб ва воситаларга риоя этилмаса, режалаштирилган амал натижа бермаслиги мумкин. Шунга қарамасдан, агар инсоннинг нияти холис бўлса ва у Аллоҳ таолога суянган бўлса, мазкур амал охиратда савобли ишлар қаторига ёзилиши умид қилинади.

    Бу воқеликдан хулоса қилиш мумкин: имон ва ибодат инсонни охиратда мукофотга етиштирса, дунёвий ривож ва муваффақият эса сабабларга риоя этиш орқали қўлга киритилади. Иккаласи ҳам ўз қонуниятлари асосида амал қилади ва бирини иккинчисига аралаштириш нотўғри натижаларга олиб келиши мумкин.

      Замонавий фалсафий қарашларда ҳам тақдир, ризқ ва ирода мувозанати инсон камолоти учун зарур асослардан бири сифатида қаралади. Инсоннинг ҳаракатлари ва танловлари — унинг тақдирини англаш ва амалий рўёбга чиқаришга қаратилган ҳаётий йўлидир.


 

3. Ўтган кунни таҳлил қилиш — маънавий камолот омили
 

      Биламизки, Ер юзидаги ҳар бир балоғат ёшига етган, ақл-хушини таниган инсон эртага ва ундан кейинги кунларда нима иш қилишини режалаштиради. Улар, эрта кунига мўлжаллаган ишларининг барчаси ёки бир қисми амалга ошиши, ёки умуман амалга ошмаслиги мумкинлигини жуда яхши биладилар. Режалаштирган ишларининг бир қисми амалга ошмаса, кейинги кунларда қандай йўл тутишни ўйлаб, фикр-мулоҳаза қилишади.

Мўмин-мусулмонлар эса билишадики, улар режалаштирган ҳар қандай иш фақат Аллоҳ хоҳласа амалга ошади. Инсоннинг хоҳиши Аллоҳнинг иродасидан ҳеч қачон устун бўлмайди ва ҳукм фақат Унга тааллуқлидир.

Бундай мўмин шахслар режалаштирган ишлари амалга ошмаган тақдирда, унинг сабабини бошқалардан эмас, аввало ўзларидан излайдилар. Чунки улар яхши биладиларки, Аллоҳ таоло ҳар бир иш учун муайян сабабларни белгилаган, ва ана шу сабаблар вужудга келганда, уларга боғлиқ натижалар ҳам рўёбга чиқади.

     Албатта, Аллоҳ хоҳласа, бевосита сабабларсиз ҳам ҳар бир ишни рўёбга чиқариши мумкин. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам учрайди — бу ҳол, инсон ақли ва ихтиёридан ташқари, Яратганнинг иродасига хос бўлган истисно ҳолатлар қаторидадир.

    Шу боис, улар Аллоҳга суянган ҳолда, сабр ва тоқат билан, кейинги кунларида ҳам Буюк Зотнинг ҳузурида юзи ёруғ бўлгунича, илм ва ҳаракат билан ҳаёт йўлини давом эттирадилар.

   Маълумки, инсон ўзининг эртанги кунида режалаштирган ишларининг қанча қисми амалга ошишини олдиндан ҳеч қачон билолмайди. Буни фақат Аллоҳ таоло билувчи Зотдир.

    Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон, агар эртанги кунига режалаштирган ишларининг қанчаси амалга ошганини, яъни тақдирда қандай ёзилганини билишни истаса, кейинги куни ўтган кунига назар солиши керак бўлади. Бу эса Аллоҳ таоло тақдирни белгилашда инсоннинг иродасини ҳам ҳисобга олганини кўрсатади. Тақдир — фақат илоҳий илм асосида белгиланган, лекин унда инсон ҳам ўз масъулияти билан иштирок этади.

   Юқорида таъкидланганидек, инсон қилган ҳар бир ҳаракатининг натижасини олади. Унинг келажаги ўз фаол саъй-ҳаракатлари билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун, мўмин инсон тақдири ва ризқдаги улушини англашни истаса, аввало ўтган кунларини таҳлил қилиши лозим. Бу таҳлил — унинг маънавий компаси, ички йўлланма воситаси бўлиб хизмат қилади.

Бу жараёнда инсон ўз хатоларини англайди ва шукр ҳамда сабрни ҳаётининг асосий унсурига айлантиради. Ана шундагина у ўз тақдирини фаол равишда шакллантириш имкониятига эга бўлади. Бу эса исломий дунёқарашнинг энг муҳим асосларидан биридир.

   Демак, мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ томонидан белгиланган тақдирда ўз ҳисса ва улушини англамоқчи бўлса, ўтган кунига назар солиши, уни таҳлил қилиши ва кейинги кунларида илм ва ирода билан ҳаракат қилиши керак бўлади. Бу — ҳақиқий таваккул ва маънавий масъулиятнинг бир кўринишидир.

 

    4. Ёши улуғ инсонларнинг маънавий масъулияти

Ёши улуғ инсонлар жисмоний жиҳатдан фаол ҳаракатда иштирок этмасалар-да, уларнинг маънавий тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари ва холис дуолари жамият учун беқиёс бойликдир. Ана шундай шахслар — яхшиликка чорловчи, ёмонликдан қайтарувчи, жасоратли маслаҳатчи ва холис дуогўйлардир. Улар жамият маънавиятининг таянчи бўлиб хизмат қиладилар.

Жисмоний кучи камайган инсон учун энг самарали восита — маънавий етакчилик ва ҳидоятни улашишдир. Бу вазифани адо этиш орқали улар нафақат ўз салоҳиятларини тўлиқ ишга соладилар, балки ёш авлодга тажриба, дуо ва маърифат орқали йўл кўрсатадилар. Шундай қилиб, ҳар бир ёши улуғ мўмин жамиятдаги маънавий қувват манбаига айланади.

       5. Ҳаром ризқ ва инсон танлови

Шу ўринда «Ҳаром ҳам Аллоҳ берган ризқ экан, у ҳолда нега уни еган инсон жазога лойиқ бўлади?» деган савол туғилиши мумкин. Уламолар бу саволга Бақара сурасининг 168-ояти асосида жавоб берадилар:  "Эй одамлар, ердаги  ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва  шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизга аниқ душмандир" (Бақара, 168-оят).

Яъни, инсонга Аллоҳ томонидан ҳалол ризқ топиш учун йўллар ва имкониятлар берилган. Агар банда шайтон ва нафсга эргашиб, Аллоҳ буюрган ҳалол йўлни тарк этса ва ҳаром йўлдан ризқ топса, у ҳолда гуноҳи — ризқ егани учун эмас, балки Аллоҳнинг амрига хилоф равишда ҳаромни танлагани учун бўлади.

Аллоҳ таоло инсонга ихтиёр берган — у қайси йўлни танлашини ўзи ҳал қилади. Шу сабабли, ҳаром йўлни танлаб, ҳаромни еган шахс танловдаги хатоси учун жавобгар бўлади. Ризқни Аллоҳ беради, лекин уни қай тарзда топиш инсоннинг иродаси ва масъулиятига боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, инсон ҳалол ва ҳаром йўл ўртасини ажратиши, ўз танловининг оқибатини англаши ва ҳар бир қадамида шариат меъёрларига амал қилиши лозим.

   Инсон нафақат ҳалол ризқ талабида бўлиши, балки уни қонуний ва ҳалол йўллар билан топиши керак. Бу — унинг бурчи ва имтиҳонидир.

 

                                     6. Хулоса

     Аллоҳ таоло инсоннинг тақдирини Ўз илми, ҳикмати ва адолати асосида, Лавҳул-маҳфузда муқаррар қилиб қўйгандир. Аммо бу тақдир — инсоннинг иродаси ва масъулиятини инкор этмайдиган, аксинча, уни рағбатлантирадиган мувозанатли илоҳий тизимдир. Инсон — ихтиёр соҳиби, ва у ўз танловлари, ҳаракатлари ҳамда эътиқоди билан тақдир йўлида фаол иштирокчига айланади.

    Ушбу мақолада баён этилган фикрлар шундан далолат берадики, мўмин-мусулмон инсон ўз ҳаётидаги ризқ ва тақдир масалаларига фақат пассив ёки интизорлик нуқтаи назаридан қарамаслиги лозим. Аксинча, у Аллоҳнинг иродасига таяна туриб, ақл, илм ва эзгу ният асосида ҳаракатда бўлиши, таҳлил қилиш қобилиятини ишга солиши ҳамда таваккул билан ўз йўлини белгилаши лозим.

    Тақдир ва ризқ тушунчалари — бир томондан илоҳий тақсимот, иккинчи томондан эса инсоннинг интилиш ва саъй-ҳаракатлари билан шаклланадиган натижадир. Бу мувозанатда инсоннинг маънавий камолоти, қалб поклиги ва масъулият ҳисси алоҳида ўрин тутади. Мўмин киши ҳар кунини таҳлил билан ўтказиб, келажакка ақл ва эътиқод билан қараши лозим. Чунки ҳақиқий таваккул — ҳаракатсиз кутуш эмас, балки ҳаракат орқали натижани Аллоҳга топширишдир.

    Ёши улуғ инсонлар эса ҳаёт тажрибаси, маънавий фаросат ва самимий дуолари орқали ёш авлодга йўл кўрсатишда муҳим ўрин тутади. Уларнинг дуоси ва ҳидояти келажак авлоднинг маънавий иммунитетини шакллантиради.

    Жаннат сари йўл — бу муназзам (тартибли, тизимли ва режали) ҳаракат, доимий таҳлил, қалбан ислоҳ ва холис таваккул билан безатилган йўлдир. Бу йўлда илм, ахлоқ, сабр ва фаоллик инсоннинг асосий йўлдошларидир.

    Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистон ғояси — айнан мана шу илоҳий-фалсафий тамойиллар билан уйғун ҳолда қурилмоқда. Учинчи Ислом Ренессанси ғояси ҳам айнан инсоннинг қалб ва ақли уйғониши асосида шаклланади. Шунинг учун ҳам биз ишонамизки, бу тарихий жараёнда Президентимиз номи эзгулик ва тараққиёт рамзи сифатида халқ ва инсоният хотирасида абадий муҳрланади.

                             Адабиётлар рўйхати

  1. Қуръони Карим. Таржима ва тафсир. — Тошкент: «Ҳилол-нашр», 2019.
  2. У.Абдурахмонов. “Илоҳий тақдир, ажал ва ризқ ҳақида баъзи мулоҳазалар”. Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2021. -28 б.  2022. -32 б. (рус тилида),  2022. -32 б. (инглиз тилида).
  3.  Ал-Ғаззолий, Абу Ҳомид. Илм ва тақдир ўртасидаги муносабатлар. — Қоҳира, 2005.
  4. У. Абдурахмонов. “Қуръон оятлари мазмуни билан илм-фан орасидаги уйғунлик”. Т.: Тошкент ислом университети нашриёт – матбаа бирлашмаси. 2017. – 156 б.
  5.   Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олам ва одам, дин ва илм”. Т.:Hilol-Nashr, 2021. 299 б.

                   

Муаллиф: Ўзбекистон Миллий университети профессори, физика-математика фанлари доктори  Абдурахмонов Умарбек

     Ушбу мақолада илоҳий тақдир ва инсон фаоллиги ўртасидаги мувозанат масаласи исломий дунёқараш ва замонавий фалсафий-илмий таҳлиллар асосида ўрганилади. Қуръон ва суннатда тақдир — Аллоҳнинг мукаммал илми ва ҳикмати асосида белгиланган илоҳий қонун сифатида таърифланади. Бироқ инсон фақат пассив мавжудот сифатида эмас, балки ақл, ирода ва масъулият соҳибидир. Мақолада инсон ҳаётида фаол ҳаракат, сабабларга боғланиш, дуо ва таваккул мувозанати қай даражада муҳим эканлиги ёритилади. Шунингдек, замонавий мусулмон жамиятларда турмуш даражаси ва ижтимоий ривожланишнинг инсон фаоллиги билан узвий боғлиқлиги таҳлил этилади. Мақсад — илоҳий тақдирни тан олган ҳолда инсоннинг ўз тақдиридаги фаол иштирокини асослаб бериш ҳамда бу ёндашувнинг амалда қандай натижа беришини кўрсатишдир.

       Тадқиқот натижалари дунёвий ва илоҳий фанлар кесишмасида изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар, шунингдек, диний ва фалсафий билимларга қизиқувчилар учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 26. 08. 2025 йилдаги 03-07/ 5391 -сонли хулосаси асосида тайёрланди.

    Шу қатори, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво маркази томонидан мазкур мақола ўрганиб чиқилиб, ундаги диний мазмундаги маълумотларга, хусусан, тақдир ва ризқ каби масалалар борасидаги фикрларга эътироз билдирилмади (Фатво марказининг 2025 йил 18 августдаги 02-01/2144-сонли хулосаси).

            

 

                                 

 

 

 

 

 


[1] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” –Т.: Тошкент ислом университети, 4-нашр, 2012. – 624 б.

Мақолалар