Қийин вазиятларга тушиб қолганда ёрдам берадиган одам бўлса, бу сиз учун бебаҳо инъомдир. Биз кўпинча энг қийин дамларда ёнимизда қоладиган одамларнинг борлигини ёки қадрини сезмаймиз. Улар қўлимиздан тутиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ўзимизга ишонмай қолсак ҳам, ҳаммаси яхши бўлишига бизни ишонтириб, далда берган бўлишади.
Ўзаро муносабатларнинг ҳақиқий кучи айнан шундай пайтларда қийин бўлганда намоён бўлади. Демак, муҳаббат нафақат қувончли дамларда бирга қувониш, балки ҳар қандай синовдан ўтишда елкадош бўлиш, матонат ва ғамхўрлик кўрсатишдир. Бу сўз билан ўлчанмайдиган, балки ҳаракатларда намоён бўладиган ҳақиқий ҳиссиётдир. Хўш, сизнинг ана шундай бебаҳо яқинларингиз борми? Бор бўлса, ҳаётдаги майда муаммолар олдида ҳечам ғам еманг. Билсангиз, сиз энг бахтиёр бандалардан экансиз!..
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Келин ва куёвга етарли гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилса-ю, лекин қандайдир сабаблар билан гувоҳлар келин ва куёвнинг никоҳнинг тузилишига розиликлари ҳақидаги гапларини эшитмай қолган бўлса, ўқилган ушбу никоҳ боғланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Никоҳ вақтида гувоҳ сифатида балоғатга етган мусулмонлардан камида иккита эркак ёки бир эркак ва икки аёл бўлиши, шарт ҳисобланади. Шунингдек, мазкур никоҳнинг дуруст ва ҳақиқий бўлиши учун ушбу гувоҳлар келин ва куёвнинг ийжоб ва қабулини, яъни уларнинг мазкур никоҳга розиликларини билдирувчи сўзларини эшитишлари ҳам лозим бўлади.
Гувоҳлар никоҳда иштирок этсалар-у, уларнинг гапини эшитмасалар ёки фақат бир томоннинг гапини эшитсалар ё бир гувоҳ келиннинг бошқа гувоҳ куёвнинг гапини эшитиб, наригининг гапини эшитмаса, никоҳ дуруст бўлган ҳисобланмайди. Бундай ҳолатда никоҳни қайта ўқиш керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.