Қийин вазиятларга тушиб қолганда ёрдам берадиган одам бўлса, бу сиз учун бебаҳо инъомдир. Биз кўпинча энг қийин дамларда ёнимизда қоладиган одамларнинг борлигини ёки қадрини сезмаймиз. Улар қўлимиздан тутиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ўзимизга ишонмай қолсак ҳам, ҳаммаси яхши бўлишига бизни ишонтириб, далда берган бўлишади.
Ўзаро муносабатларнинг ҳақиқий кучи айнан шундай пайтларда қийин бўлганда намоён бўлади. Демак, муҳаббат нафақат қувончли дамларда бирга қувониш, балки ҳар қандай синовдан ўтишда елкадош бўлиш, матонат ва ғамхўрлик кўрсатишдир. Бу сўз билан ўлчанмайдиган, балки ҳаракатларда намоён бўладиган ҳақиқий ҳиссиётдир. Хўш, сизнинг ана шундай бебаҳо яқинларингиз борми? Бор бўлса, ҳаётдаги майда муаммолар олдида ҳечам ғам еманг. Билсангиз, сиз энг бахтиёр бандалардан экансиз!..
Акбаршоҳ Расулов
Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.
Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.
Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.
Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?
“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси
Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.