Қийин вазиятларга тушиб қолганда ёрдам берадиган одам бўлса, бу сиз учун бебаҳо инъомдир. Биз кўпинча энг қийин дамларда ёнимизда қоладиган одамларнинг борлигини ёки қадрини сезмаймиз. Улар қўлимиздан тутиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ўзимизга ишонмай қолсак ҳам, ҳаммаси яхши бўлишига бизни ишонтириб, далда берган бўлишади.
Ўзаро муносабатларнинг ҳақиқий кучи айнан шундай пайтларда қийин бўлганда намоён бўлади. Демак, муҳаббат нафақат қувончли дамларда бирга қувониш, балки ҳар қандай синовдан ўтишда елкадош бўлиш, матонат ва ғамхўрлик кўрсатишдир. Бу сўз билан ўлчанмайдиган, балки ҳаракатларда намоён бўладиган ҳақиқий ҳиссиётдир. Хўш, сизнинг ана шундай бебаҳо яқинларингиз борми? Бор бўлса, ҳаётдаги майда муаммолар олдида ҳечам ғам еманг. Билсангиз, сиз энг бахтиёр бандалардан экансиз!..
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд Ал-Жалажел Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур мажмуа тарих, илм-фан ва маърифатни замонавий форматда уйғунлаштирган ҳолда келажак авлод учун янги билим муҳитини яратаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд Ал-Жалажел Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, ислом цивилизацияси тарихи, буюк алломаларнинг бой илмий мероси ҳамда рақамли ва интерактив технологиялар асосида ташкил этилган кўргазмалар билан танишди.
Ташриф давомида меҳмон Марказнинг экспозициялари орқали ислом цивилизациясининг кўп асрлик тараққиёти, илм-фан ва маърифат анъаналари, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудида етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишди.
Суадиялик мартабали меҳмон Марказ фаолияти ҳақида фикр билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мажмуа ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини замонавий музейшунослик ечимлари орқали халқаро аудиторияга етказишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
«Ислом цивилизацияси марказида асрлар давомида шаклланган илм-фан ва маърифат тарихини кўриб, катта ғурур ва ифтихор туйғуларини ҳис қилдим. Бу ерда цивилизациянинг замон билан ҳамнафас ривожланганини кўриш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу музей ва бой тарихни бутун дунёга тушунарли тилда тақдим этиш имкониятини яратгани учун миннатдорчилик билдираман.
Бу марказ ёш авлодга ўтмиш цивилизациялари ҳақида чуқур тасаввур беради, уларни ўз тарихи билан боғлайди ва ҳар бир даврнинг бугунги тараққиёт билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар ва тараққиёт ютуқларини кўришдан биз, Саудия Арабистонидаги биродарларингиз, чин дилдан мамнунмиз», – деди у.
Фаҳд Ал-Жалажелнинг фикрича, бундай ташаббуслар турли мамлакатлар ўртасида маданий мулоқотни мустаҳкамлаш, умумий цивилизацион меросни англаш ва илм-фан ҳамда маърифат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим пойдевор вазифасини бажаради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати