"Келажак учун" истиқболли ташаббуслар форуми қизғин паллага кирди. Ўтган қисқа даврда kelajakuchun.gov.uz платформасига фуқаролардан 100 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.
Улар орасида тадбиркорлик, рақамли технологиялар, энергетика, тиббиёт ва таълим, экология, сув хўжалиги, суд-ҳуқуқ соҳалари бўйича қизиқарли ғоялар бор.
Мисол учун, қашқадарёлик фуқаро А.Ж. "ақлли" ҳаво тозаловчи панель яратиш ва уни ҳаво сифати ёмонлашган шаҳарларда ўрнатиш таклифини юборган.
Навоийлик юртдошимиз Н.Ҳ. пахта ва ғалладан кам ҳосил берадиган ерларда тез ўсувчи ёғочбоп дарахт плантацияларини ташкил қилиш лойиҳасини илгари сурган. Унинг фикрича, бу орқали даромадни 5 баробаргача ошириш, томчилатиб суғориш орқали сув сарфини 5 баробарга камайтириш мумкин.
Бундай қизиқарли ғоя ва ташаббуслар кўп.
Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги "Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ўтказилмоқда.
Яъни, барча жараёнлар ишончли ва тизимли ташкил этилган. Хусусан, One ID орқали рўйхатдан ўтишнинг аҳамияти шундаки, ташаббус эгасининг муаллифлик ҳуқуқи таъминланади.
Форумда ғолиб деб топилган лойиҳалар:
Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимот қилинади;
молиялаштирилади ва тижоратлаштирилади;
бутун республикада жорий қилинади.
Ташаббус муаллифлари:
ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига эга бўлади;
истиқболли кадрлар рўйхатига киритилади;
10 – 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади.
Форумга ташаббуслар йўллаш давом этмоқда. Ҳеч бир фикр эътибордан четда қолмайди. Форумда қатнашинг. Батафсил kelajakuchun.gov.uz сайтида танишинг.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати