Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” номли асарнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, масжидларда фаолият олиб бораётган имом-домлалар иштирок этдилар.
Тақдимот давомида асарнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган долзарб мавзулар ҳамда китобнинг бугунги жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Сўзга чиққанлар китобда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва бурчларини англаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатлар чуқур ва таъсирчан тарзда ёритилганини таъкидладилар.
Шунингдек, иштирокчилар “Инсон қадри” асари имом-хатиблар учун маънавий-маърифий фаолиятда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилиши, аҳоли билан мулоқотда, жамоатчилик орасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда кенг фойдаланиш мумкин бўлган манба эканини қайд этдилар.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати