Йил якуни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакллиги тизимидаги масжидларда фаолият юритиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан, масъулият билан бажариб келаётган молиявий ҳисобчи (мутавалли)ларга миннатдорлик билдирилди ҳамда улар муносиб тақдирландилар.
Тадбирда молиявий ҳисобчи (мутавалли)ларнинг масжидлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш, молиявий ҳисоб-китобларни белгиланган тартиб ва қонун-қоидалар асосида олиб боришдаги меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, уларнинг келгусидаги фаолиятларига муваффақият тилаб, эзгу ниятлар билдирилди.
Ушбу тадбир тизимда хизмат қилаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ҳамда масъулиятини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати