4 январь куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳхон домла Саматов ва Косонсой туманида фаолият юритаётган имомлар иштирокида диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган косонсойлик талаба-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида илм-маърифатнинг аҳамияти, шунингдек, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва билимли авлодни тарбиялаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди. Талабаларга таълимни якунлагандан сўнг ўз туманларида масжид ва маҳаллаларда имом-хатиб, имом-ноиб ҳамда отинойи сифатида хизмат қилишлари муҳим экани таъкидланди.
Абдуллоҳхон домла ёшларни ота-она ва устозлар ишончини оқлаб, юрт ва халқ манфаати йўлида фидокорона хизмат қилишга чорлади. Учрашув якунида талабаларга ўқишларида муваффақият тилаб дуолар қилинди.
Шунингдек, ҳомийлар кўмагида 3 нафар талабага ўқув шартнома учун сертификатлар топширилди. Барча иштирокчиларга эсдалик совғалари ва ҳадиялар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Улуғ тобеъин Абдуллоҳ ибн Санобиҳий раҳимаҳуллоҳ (асл исмлари Абдураҳмон ибн Усайла)нинг ҳаёти бугунги кун кишиси учун – айниқса, вақтнинг қадри, гўзал хотима ва мақсад сари интилиш борасида улкан ибрат мактабидир.
Абдураҳмон ибн Усайла раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш, у зотдан бевосита ҳадис эшитиш иштиёқида Ямандан Мадинага қараб йўлга чиқади. Бироқ, Мадинага етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганлари ҳақида хабар топади. Набий алайҳиссалом беш кун олдин вафот этган эдилар. Абдураҳмон ибн Усайла пайғамбаримизни кўра олмай, саҳобалик шарафига 5 кун кечиккани сабабли эриша олмайди...
Бугунги кунда биз “эртага қиламан”, “кейинроқ бошлайман” деб йилларни бой беряпмиз. Смартфонлар ва ижтимоий тармоқлар ичида яшаётган ҳозирги авлод учун ушбу қисса – вақтни тўғри тақсимлаш ва хайрли ишларни кечиктирмаслик учун энг катта огоҳлантиришдир.
Даврон НУРМУҲАММАД