4 январь куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳхон домла Саматов ва Косонсой туманида фаолият юритаётган имомлар иштирокида диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган косонсойлик талаба-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида илм-маърифатнинг аҳамияти, шунингдек, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва билимли авлодни тарбиялаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди. Талабаларга таълимни якунлагандан сўнг ўз туманларида масжид ва маҳаллаларда имом-хатиб, имом-ноиб ҳамда отинойи сифатида хизмат қилишлари муҳим экани таъкидланди.
Абдуллоҳхон домла ёшларни ота-она ва устозлар ишончини оқлаб, юрт ва халқ манфаати йўлида фидокорона хизмат қилишга чорлади. Учрашув якунида талабаларга ўқишларида муваффақият тилаб дуолар қилинди.
Шунингдек, ҳомийлар кўмагида 3 нафар талабага ўқув шартнома учун сертификатлар топширилди. Барча иштирокчиларга эсдалик совғалари ва ҳадиялар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деди.
Шунда у зот: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).