Биз айтаётган ақида фақат ашъарий ё мотуридийники эмас, балки бу бутун умматнинг ақидасидир. Бу ақидага тил узатаётганлар аслида аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини айблашаётган бўлади. Аҳли суннанинг ҳужжатлари олдида не-не бидъат тоифаларнинг бўйни эгилмаган дейсиз. Зиндиқ ва файласуфлардан тортиб, Мўътазила, Ботиниялар ҳам бир бош кўтаргандай бўлишдию, барибир охирида йўқ бўлиб кетишди. Зотан, Аллоҳ бу умматни залолат жарлигидан қутқарган эди, бирон адашган тоифа унга ниш суқа олмаган.
Бу уммат шунча асрлардан бери ўз ақидаси бидъат эканини, салафларга ва суннатга хилоф эканини англамай юриши ё ҳақдан адашган ҳолда гандраклаб юришию, кейин “буюк” салафийлар келиб ҳаммани ҳидоятга чақириб қўйиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Маъсум зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу уммат ширкка қайтмаслигини айтиш билан бир қаторда залолат, жаҳолатда ҳам жам бўлмаслигини айтганлар. Аммо салафийларнинг даъвосига кўра уммат адашиб келаётган эмиш.
Бизга таъна қилаётган бу каби одамлар илмонийлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Мана кўринг, илмонийлар маломат қилиб, нақлий далилларга қотиб қолишган, ақлни биринчи ўринга қўйишмайди, ақлга катта ўрин ажратган файласуфларни сиқувга олишган, деб бизни айблашади. Ақлни нақлдан устун қўйишгани учун мўтазилани куч бериб олқишлашади.
Илмонийлар буни ғарблик мусташриқлардан ўрганишган. Бу бузуқ фикрни аввал мусташриқлар эккан, сўнгра илмонийлар парваришлаб суғоришган. Илмонийлар фуқаҳоларимизга ва тўрт мазҳабга тош отиши табиий ҳодиса. Аммо ҳозирги кундаги кўп салафийлар ашъарий-мотуридийларга тил узатишда илмонийлардан ҳам ошиб тушишди.
Эй салафийликни даъво қилиб чиқаётган одамлар! Бу умматни залолат ва бидъатда айблаб ўзинглар ҳам илмонийларнинг манҳажида юраётган бўлсангиз, уларга фикрий раддиялар бериб нима қиласизлар? Улардан аввал ўзингизга адоват қилинг. Маломат аслида улардан кўра сизларга муносиб. Зеро, улар сизларнинг йўлингиздан юришган. Ўзингизни одамларга олим кўрсатиб, уламолар, буюк имомларни жоҳилга чиқариб қўйган сиз эмасми? Китобларингизда “аҳли суннага хилоф келадиган залолат ва бидъат тоифалар мўътазила, жаҳмия, рофизалар...” деб, кетидан “жумладан, ашъарийлар (ё мотуридийлар) ҳам” деб ёзиб қўйганлар ҳам айни сиз эдингиз. Доим тортишиб юрадиганингиз, залолат ва куфрда айблайдиганингиз илмонийлардан сизларнинг қанчалик фарқингиз қоляпти?
Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси, исломий илмлар куллияси доктори
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати