5 январ куни Наманган вилояти бош имом хатиби Абдуллоҳ домла Саматов бошчиликларида вилоят вакиллиги ходимлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж-2025" зиёратчиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ аъзолари учун Наманган вилояти Наманган туманидаги “Сайид Жалолиддин“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар билан Наманган туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
биринчи йўналиш – имом-хатибнинг “Ҳаж-2025” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
иккинчи йўналиш – имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
учинчи йўналиш – имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Ишчи гуруҳ аъзолари юқоридаги йўналишлар бўйича Наманган туманида фаолият олиб борди.
Шунингдек Ишчи гуруҳ аъзолари Наманган тумани масжидлари ҳудудидаги маҳалланинг бир неча хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўралди. Хонадондаги ёшларни таълим тарбияси билан танишилди, уларнинг муаммолари ўрганилди, таклиф, фикр, мулоҳазалари тингланди ва маҳаллаларда намунавий бўлган оилаларга кириб кексалардан юртимиз ҳаққига дуои ҳайрлар олинди.
Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати