Баъзида дунёнинг турли минтақаларида чигирткалар кўпайиб, шаҳар ва қишлоқларни, экин майдонларини қоплайди. Сонини аниқлаб бўлмайдиган даражада кўп бўлган чигирткалар галаси одамлар онгида турли фикрларни пайдо қилади.
Чигирткалар Аллоҳ таоло томонидан юборилган “аламли азоб” ёки Қиёмат аломати” эмасми деган фикрлар ҳам бўлади. Табиатнинг бундай ҳодисаси тарихда кўплаб кузатилган бўлса-да, бугунги авлод учун янгилик бўлиши мумкин. Маълумки, аввалги қавмларнинг баъзилари “чигиртка балоси” билан жазоланган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда чигирткалар ҳақида шундай марҳамат қилади:
“...Қабрлардан кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда, худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келурлар.” (Қамар сураси, 7-оят).
Бундан ташқари, уларнинг ҳаракат йўналиши кейинги оятда баён қилинган:
“Чақирувчига қараб бўйинларини чўзиб, шошилиб борурлар...” (Қамар сураси, 8-оят).
Қиёмат кунидаги қайта тирилишни тушунтириш учун Аллоҳ таоло томонидан чигиртка мисолининг келтирилиши бежиз эмас. Зеро, бу ҳашаротлар ердан кўтарилганда сўнг улкан галаларга айлана бошлайдилар. Биргина чигиртка тўдаси 1200 квадрат километр майдонга ёйилиш хусусиятига эга. Шундан сўнг, улар ягона бир йўналишни танлаб, биргаликда уча бошлайдилар.
Уларнинг улкан жамоаси бутун осмонни қоплаб олишга қодир. Бу ҳолат Қиёмат кунидаги манзарани эслатади. Ўша куни вафот этган беҳисоб инсонлар худди шу каби ер остидан чиқиб келадилар ва муайян бир йўналиш бўйлаб гала-гала бўлиб югурадилар.
Хулоса қилиб айтганда, бу воқеани Қиёматнинг кўринишларидан бир лаҳза деб тафаккур қилиш мумкин.
Мўминлар учун Қиёмат қоим бўлмасдан аввал ўз амалларини қайта тарозига тортиб кўриш учун Аллоҳ таолодан берилган бир ибратдир. Гарчи чигиртка бир ҳашорат бўлса-да, ақлли одамларни тафаккурга чорлайди.
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илоҳим, борлиқ Холиқи, таслимман Сенга,
Осий бандангман, Ўзинг раҳм айла менга.
Турли хил “юлдуз”лар ва бекорчилар ҳақидаги ўнлаб газета ва журналларни мутолаа қилдим. Шунда ўзимга ўзим: “Эҳ, минг афсус, ростгўй, рўза тутадиган, Аллоҳга ибодат қиладиган ва Ундан қўрқадиган мўмин-мўмина ва муслим-муслималар қаерада-ю булар қаерда?! Бу чегараланган қисқагина умр бундай бекорчилик ва иккинчи даражали ишлар ва маъсият-гуноҳларга сарф этиб юбориш мумкин-ми? Ёки сизда бошқа умрингиз ёки кунларингиз ҳам бор-ми? Ёки Аллоҳдан ўлмаслигингиз ҳақида ишончнома ёздириб олганмисиз? Йўқ, асло! Бу ўйларнинг барчаси ёлғон гумон ва яроқсиз орзулардан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, қадамингизни ўйлаб босинг ва нажот кемасига чиқиб олинг!".
Шуъла: Оқила аёл сувсиз саҳрони гўзал бўстонга айлантиради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан