Оталарни бекорга “давлатим” демаймиз. Улар бор экан, ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. Оталар биз яхши ўқишимиз учун қўлларидан нима келса, қилади. Ўз оёқ кийимлари йиртилиб қолса ямаб кияр, лекин бизга янгисини олиб беради. Ишлари юришмай сал пул топишлари камайиб қолса, сиқилади, лекин буни бизга билдирмайди.
Болалигимизда-чи! Биз ёш бола бўлиб, “уни олиб беринг, буни олиб беринг”, десак, кўнглимизга қарашади. Тирноқларимиз, сочларимизни олиб қўядилар.
Ҳалқимизда “Ота рози – Худо рози”, деган мақол бор. Ҳаёт бўлган оталаримизни қадрлайлик, ўтиб кетган бўлсалар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Бир гап – улар ҳатто ўтган бўлсалар ҳам бизнинг давлатларимиз экан.
Эй умрим жавҳари, давлатим отам,
Диллари қуёшдир, меҳрибон отам,
Сизга издошдирман то умрим қадар,
Бошимда доимий соябон отам.
Бу дунё синовли ёлғончи гўё,
Ўтгайдур умрлар мисоли дарё,
Дўст деган улфатим бўлса-да аммо,
Бўлолмас сиз каби қадрдон, отам.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Бугун, 28 апрель куни Сурхондарёдаги Имом Термизий мадрасасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши Араб тили ва балоғати фани ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Ҳусанбой Қирғизов, вилоят ҳокими ўринбосари Абдурасул Абдураҳмонов, вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев, шунингдек, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича ўзаро баҳслашди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўринни "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Караматдин домла Нажиматдинов эгаллади. У 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин соҳиби бўлган Тошкент ислом институти ўқитувчиси Комилхон домла Боқиев 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўринга сазовор бўлган "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Аъзам домла Саминовга эса 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Шунингдек, "Хадичаи Кубро" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Моҳира Нигматова танловнинг фаол иштирокчиси деб топилиб, диплом ва смарт телевизор билан тақдирланди.
Қолган иштирокчиларга ҳам фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо ҳадялар берилди.
Маълумот ўрнида, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати