Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тизимдаги масжидлар имом-хатиб ва имом ноибларини илмий салоҳиятини ошириш, Қуръони карим қироати бўйича билимларини янада ривожлантириш мақсадида Масжидлар билан ишлаш бўлими ҳамда Қуръон ва тажвид бўлимлари ташаббуси билан ҳудудларда 72 соатлик ўқув дарслари ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай дарсларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 12 январь куни Андижон, Самарқанд ва Навоий вилоятларида 90 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари иштирокида бошланди. Қуръон ва тажвид бўлими устозлари томонидан олиб борилаётган қироат дарслари имом-домлалар учун жуда фойдали бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Американинг нуфузли “National Geographic” журналининг электрон ва босма шаклларида Буюк Ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материал муаллифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида ҳикоя қилиб, уларни қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик йўналишлари сифатида талқин этган.
Мақолада Ўзбекистондаги туризм ривожи, хорижлик сайёҳлар сонининг ортиши, янги объектлар қурилиши ҳамда шаҳарлар ўртасида тезюрар темирйўл қатновининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкентнинг Чорсу бозори Ипак йўли савдо анъаналари бугунгача сақланиб қолган маскан, Самарқанд эса Регистон майдони ва қадимий Улуғбек расадхонаси билан илм-фан ҳамда ислом маданиятининг тарихий маркази сифатида таърифланади.
Нашрда Бухоро фаол туристик ўзгаришлар жараёнини бошдан кечираётган шаҳар сифатида кўрсатилган бўлса, Хива ўтмиш руҳияти айниқса кучли сезиладиган жой дея таъкидланган.
Шунингдек, Ипак йўли меъморчилиги услубида барпо этилаётган янги сайёҳлик лойиҳаларига эътибор қаратилиб, тарихий муҳитни асраб қолиш юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳам тилга олинган.
Умуман олганда, материалда Ўзбекистон ўз тарихий меросини асраган ҳолда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириб, дунёга қайта юз очаётган мамлакат сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати