2024–2025 ўқув йилида диний таълим муассасаларини муваффақиятли тамомлаб, вилоятимиз масжидларида хизмат вазифасига тайинланган соҳа ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёш имомлар ва имом-ноибларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга маънавий-маърифий йўналишда зарур тавсиялар бериш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда вилоят вакиллиги ходимлари иштирок этдилар. Суҳбат давомида масжидларда фаолият юритаётган ёш имомлар ва имом-ноибларнинг иш бошлаганларидан буён амалга оширган фаолияти, жамоа билан ишлаш тажрибаси ҳамда муаммолари тингланди.
Мулоқот чоғида Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ёш имомларнинг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг ташаббуслари, масъулияти ва жамоатчилик билан олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Фарғона вилояти вакиллиги раҳбарияти, ташкилий тузилмаси ва асосий вазифалари, шунингдек, иш услуби ва талаблари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда имомлик юксак маънавий масъулият ва шарафли хизмат экани таъкидланди. Имом-хатиблар ва имом-ноиблар жамиятда ҳар томонлама ибрат бўлиши, ўз одоби, сўзи ва амали билан инсонларни эзгуликка чорлаши лозимлиги қайд этилди. Айниқса, ёшлар билан ишлаш, оилалар мустаҳкамлиги, диний-маърифий тарғибот ишларини замон талаблари асосида олиб бориш муҳим вазифалардан экани уқтирилди.
Учрашув якунида ёш соҳа ходимларига келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб, доимий изланиш, билим ва малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди. Бундай учрашувлар ёш имомларнинг касбий ўсиши, масъулияти ва жамият олдидаги бурчини янада чуқур англаб етишига хизмат қилиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй фарзанд! Рақамли олам шунчаки экранлардан иборат эмас. У – эркакларнинг ғурури ва қизларнинг ҳаёси синовдан ўтадиган ҳақиқий имтиҳондир. Шунинг учун бу сўзларни қалбинг билан ўқи.
Эй фарзанд! Google, Facebook, Twitter ва WhatsApp – чуқур денгизга ўхшайди. Унда кўп инсонларнинг ахлоқи йўқолди, кўп ақллар ҳалокатга учради!
Эй фарзанд! Унинг тўлқинлари кўп қизларнинг ҳаёсини ютиб юборди ва кўп инсонлар ҳалок бўлди. Шунинг учун у ерда асалари (арилар) каби бўл, фақат пок нарсага қўн, ўзингга ва бошқаларга фойда келтир.
Чивин (ёки пашша) каби бўлма, у қаерда касаллик бўлса, ўша ердан уни тарқатади!
Эй фарзанд! Интернет – катта бозор. Бу ерда ҳеч ким ўз “товарини” бепул бермайди. Ҳар ким бирор нарса эвазига ҳаракат қилади. Огоҳ бўл!
Баъзилар ахлоқни бузишни истайди.
Баъзилар шубҳали ғояларни тарқатади.
Баъзилар эса фақат машҳурлик излайди.
Шунинг учун ҳар бир “товарни” яхшилаб текширмасдан олма.
Эй фарзанд! Номаълум ҳаволаларни (линкларни) очишдан сақлан. Чунки уларнинг баъзиси тузоқ бўлиши мумкин: хакерлик, маълумот ўғирлаш, зарар ва ҳалокат.
Эй фарзанд! Латифалар ва ёлғон хабарларни тарқатма. Ҳаром ишларга оид “copy-paste” қилишдан ҳам эҳтиёт бўл.
Чунки сен интернетда савоб ва гуноҳ билан савдо қилаётганингни унутма.
Эй фарзанд! Изоҳ ёзиш ёки бирор нарсани улашишдан олдин ўзингдан сўра: “Бу иш Аллоҳни рози қиладими ёки ғазаблантирадими?”.
Эй фарзанд! Кўзинг билан кўрмаган одамингни дўстлигига ишонма. Фақат ёзганларига қараб инсонларга ҳукм чиқарма. Чунки кўпчилиги ниқобланган! Ҳақиқат шуки: “Уларнинг суратлари сохта бўлиши мумкин, ахлоқи жозибали кўриниши мумкин. Улар ниқоб тақади ва “ростдек кўриниб ёлғон гапиради”. Шунинг учун зоҳирга алданма”.
Эй фарзанд! Сохта исмлардан эҳтиёт бўл. Чунки уларнинг эгалари кўпинча ўзларига ишонмайди.
Ўзига ишонмаган одамга сен ҳам ишонма.
Эй фарзанд! Сени ранжитганни сен ҳам ранжитма.
Чунки сен ўз ахлоқингни намоён қиласан, у эса ўз табиатини кўрсатади.
Ҳар бир идиш ичидаги нарса билан тошади.
Гўзаллик жавобда эмас, тилингда!
Эй фарзанд! Ёзадиган нарсангни яхшилаб ўйла. Чунки сен ёзасан, фаришталар ҳам ёзади, Аллоҳ эса ҳаммасини кўриб, ҳисобини қилади.
Шунинг учун саҳифангни Қиёмат куни сенга қарши эмас, балки сенга гувоҳ бўладиган қилиб юрит!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ