«Эй иймон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулига (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг қалби (ўртаси)да “парда” бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз» (Анфол сураси, 24-оят).
Аллоҳнинг инсон билан қалби орасига кириши У Зотнинг ожиз бўлган кишини кучли, кучли бўлганни эса ожиз, шармандали ҳолда бўлган кишини азиз, жасур кишини қўрқоқ, қўрқоқ кишини эса довюрак, мард кишини қўрқоқ қила олиши деганидир. Ояти карима кучга тўлган ҳолида Ҳақ таолони инкор этувчи кимсаларга тескари равишда ожизлигини ўйлаган ва андишали бўлган мўминларга ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазот сафарида қатнашишлари борасида далда бўлади. Унга кўра, оят Аллоҳнинг элчиси билан бирга ғазотга боришга қарор қилганларнинг қалбига кириб, уларни душманга қарши кучли қиладиган илоҳий далда бера олиши таъкидланмоқда.
Шу маънода оятни икки шаклда изоҳлаш мумкин:
Биринчиси, ўлим вақти келмасидан аввал тавба қилишга шошилиш ҳақида сўз бориб, оят кишини шундай огоҳлантиради: “Инсоннинг қалби билан тавбаси орасига ўлим кирмасидан аввал Аллоҳ ва элчисининг чақириғига ижобат қилинган”.
Иккинчиси, қилган гуноҳлари сабабли инсонни қалби муҳрланган амалларига алоқадор. Шундайки, инсон қилган гуноҳлари натижаси сифатида қалби билан асл мақсади (охирати) ўртасида зулмат, яъни қоронғулик юзага келади (“Таъвилот”, 6/194-195).
Музаффар КОМИЛОВ, Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан
Айни кунларда юртимизда ўтаётган нуфузли халқаро форум доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат раҳбарларининг дўстона ва оқилона муносабатлари диний-маърифий соҳадаги алоқаларни юқори даражага кўтаришга мустаҳкам замин бўлаётгани эътироф этилди. Хусусан, “Йўл харитаси” доирасида Фатво маркази уламолари Иорданиянинг Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Воизлар тайёрлаш институти ўқувларида иштирок этаётгани, фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилинаётгани, диний соҳа ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши йўлга қўйилгани кабилар алоҳида қайд этилди.
Иордания бош муфтийси Ўзбекистон буюк аллома ва мутафаккирлари билан бутун дунёга машҳур экани, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний ва Қаффол Шоший каби буюк алломалар мероси билан нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё мусулмонлари фахрланишини эътироф этди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Ўзбекистон заминида ўтказилаётган биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми жуда долзарб аҳамиятга эга экани турли мамлакатлардан келган давлат арбоблари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, муфтийлар, олимлар, тадқиқотчилар ва экспертларни ягона мақсад – ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишда муҳим майдон вазифасини ўташини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати