Мазкур тадбир ёш соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларга маънавий-маърифий йўналишда зарур тавсиялар бериш ҳамда касбий фаолиятларини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда Наманган вилоят бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов иштирок этиб, ўз нутқларида юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, шунингдек, соҳа ходимларининг билим ва маҳоратини мунтазам ошириб бориши, замонавий илм-фан ва ахборот технологияларини чуқур эгаллаши муҳим эканини таъкидладилар.
Шунингдек, пешволик масъулияти, мавъиза қилиш одоб-ахлоқи, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, дин ва халқ манфаатлари йўлида фидойилик билан хизмат қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида ёш соҳа ходимларига келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаб, доимий изланиш ва ўз устида ишлаш касбий камолотнинг муҳим омили экани таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ