Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ватан – дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танламайдиган ва ҳад-чегара билмас ажиб туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра ва сержило тушунчадир. Ватани бор инсон бахтли, Ватани йўқ инсон эса бахтсиздир. Киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган Ватандир.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси, Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган киши”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг иши эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими – ҳамма ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. “Ҳимоя қилиш” деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса, сўз билан ғанимларга раддия бериш орқали Ватанга тош отувчи ва иғвогарларга қарши кураш орқали инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилади.
Аммо Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳадисда келтирилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишни мақсад қилган. Акс ҳолда унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.
Хар бир инсоннинг Ватан олдида бир неча бурч ва вазифалари бор:
– маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, уни ўрганиш, ўргатиш ва келажак авлодга етказиш;
– табиатни муҳофаза қилиш;
– Ватанни ташки ва ички душманлардан ҳимоя қилиш;
– ўз она тилини сақлаш;
– Ватан ривожи йўлида ақлий, жисмоний ва моддий имкониятларни сарф қилиш;
– бор имкониятни сафарбар қилиб, ички фитна ва низоларнинг олдини олиш (чунки фитна-фасод аҳолини пароканда қилувчи энг катта балодир);
– аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Ватан қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаро қалбида Ватанга муҳаббат ҳиссини ошириш;
– ватандошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, келажак авлод тарбияси
йўлида қўлидан келган барча имкониятларни сафарбар қилиш.
Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом-хатиби
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати