Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ватан – дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танламайдиган ва ҳад-чегара билмас ажиб туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра ва сержило тушунчадир. Ватани бор инсон бахтли, Ватани йўқ инсон эса бахтсиздир. Киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган Ватандир.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси, Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган киши”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг иши эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими – ҳамма ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. “Ҳимоя қилиш” деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса, сўз билан ғанимларга раддия бериш орқали Ватанга тош отувчи ва иғвогарларга қарши кураш орқали инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилади.
Аммо Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳадисда келтирилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишни мақсад қилган. Акс ҳолда унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.
Хар бир инсоннинг Ватан олдида бир неча бурч ва вазифалари бор:
– маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, уни ўрганиш, ўргатиш ва келажак авлодга етказиш;
– табиатни муҳофаза қилиш;
– Ватанни ташки ва ички душманлардан ҳимоя қилиш;
– ўз она тилини сақлаш;
– Ватан ривожи йўлида ақлий, жисмоний ва моддий имкониятларни сарф қилиш;
– бор имкониятни сафарбар қилиб, ички фитна ва низоларнинг олдини олиш (чунки фитна-фасод аҳолини пароканда қилувчи энг катта балодир);
– аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Ватан қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаро қалбида Ватанга муҳаббат ҳиссини ошириш;
– ватандошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, келажак авлод тарбияси
йўлида қўлидан келган барча имкониятларни сафарбар қилиш.
Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом-хатиби
Самарқанд ва Бухоро бугун дунё туризмининг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу шаҳарлар минг йил аввал қандай кўринишда бўлган? Улар қандай иқтисодий қудратга эга эди, қайси халқаро савдо йўлларини боғлаган ва мусулмон цивилизацияси тараққиётида қандай ўрин тутган? Бу саволларга жавоб археологик топилмалар эмас, балки X асрда яшаган араб географи ва сайёҳининг бевосита кузатувларига асосланган асарида мужассам, хабар бермоқда iccu.uz. Энди мазкур нодир манба танқидий матн, қиёсий қўлёзмалар таҳлили ва илмий шарҳлар билан биринчи марта ўзбек китобхонига тақдим этилмоқда.
Глобал миқёсда маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва цивилизациялар тарихи бўйича бирламчи манбаларни қайта тадқиқ этишга қизиқиш кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда яна бир муҳим академик нашр тайёрланмоқда. Машҳур араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Истахрийнинг X асрда ёзилган "Китоб ал-масолик вал-мамолик" ("Йўллар ва мамлакатлар китоби") асари танқидий матн ва илмий изоҳлар билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинмоқда.
Нашр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими томонидан амалга оширилган таржима ва кенг қамровли манбашунослик тадқиқоти натижасидир.
Марказ илмий ходими Равшан Худайбергановнинг қайд этишича, ушбу асар тарихий географияга бағишланган оддий рисола эмас. У X аср мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манзарасини акс эттирувчи энг муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Истахрий турли мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, шаҳарлар, савдо йўллари, аҳоли турмуш тарзи, иқтисодий муносабатлар ва давлат бошқарувига оид маълумотларни шахсий кузатувлари асосида қайд этган.
Айниқса, асарда Мовароуннаҳр ҳақида келтирилган маълумотлар бугунги тарихшунослик учун алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд, Бухоро ва минтақанинг бошқа шаҳарлари нафақат мусулмон Шарқининг муҳим маданий марказлари, балки Ипак йўли орқали Европа, Яқин Шарқ ва Осиёни боғлаган халқаро савдо тизимининг стратегик нуқталари сифатида тасвирланади.
Бугунги кунда тарихчилар қадимги шаҳарлар тараққиётини археологик маълумотлар, эпиграфик ёдгорликлар ва қўлёзма манбаларни ўзаро солиштириш орқали тикламоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Истахрий асари археологик далилларни тўлдирувчи бевосита катта илмий аҳамиятга эга.
Асар IX–XII асрларда Марказий Осиёда шаклланган ва кўплаб тадқиқотчилар томонидан Биринчи Ренессанс деб баҳоланувчи цивилизацион юксалиш даврини англашда ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Бу даврда илм-фан, шаҳарсозлик, савдо, маданият ва маърифат юқори тараққиёт босқичига чиққан бўлиб, кейинчалик мусулмон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига кучли таъсир кўрсатган.
Нашрнинг асосий илмий қиймати унинг танқидий матн асосида тайёрланганида намоён бўлади.
Равшан Худайберганов, Марказнинг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими илмий ходими:
– Мазкур асар X аср мусулмон оламининг тарихий географияси бўйича энг муҳим манбалардан биридир. Чунки унда нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Кавказ ва бошқа кўплаб ҳудудлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган. Шу боис бу асар бутун мусулмон цивилизациясининг ўша даврдаги ҳолатини ўрганиш имконини беради. Китобнинг илмий аҳамиятини янада оширадиган жиҳат — унинг танқидий матн асосида нашр этилганидир. Одатда қадимий манбалар бир ёки икки қўлёзма нусха асосида таржима қилинади. Натижада айрим матний фарқлар эътибордан четда қолиши мумкин. Ушбу нашрда эса манбашуносликнинг энг муҳим талабларидан бири бўлган қиёсий таҳлил усули қўлланилган.
Маълум қилинишича, тадқиқот давомида асарнинг араб тилида сақланган саккизта қўлёзма нусхаси ҳамда кейинчалик форс тилига қилинган таржиманинг ўнта қўлёзмаси ўзаро қиёсланган. Жами ўн саккизта қўлёзма таҳлил қилиниб, улар асосида муаллиф матнига энг яқин ҳисобланган танқидий матн қайта тикланган.
Манбашунослик нуқтаи назаридан бундай ёндашув халқаро академик амалиётда энг ишончли усуллардан бири ҳисобланади. Турли қўлёзмалардаги матний фарқларни солиштириш орқали асарнинг кейинги асрларда қандай таҳрирлангани, қайси маълумотлар қўшилган ёки ўзгарганини аниқлаш имкони пайдо бўлади.
Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча матний тафовутлар сатр ости изоҳларида келтирилган, тарихий шахслар, этнонимлар, топонимлар ва географик атамаларга оид кенг шарҳлар эса китобнинг изоҳлар қисмида жамланган. Бу жиҳат эса китобни кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда тарихчилар, шарқшунослар, этнологлар, географлар ва иқтисодий тарих тадқиқотчилари учун ҳам муҳим илмий манбага айлантиради.
Мутахассисларнинг фикрича, араб ва форс тилидаги қўлёзмаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олган бундай кенг қамровли манбашунослик тадқиқотлари миллий академик муҳитда нисбатан кам учрайди. Шу жиҳатдан мазкур нашр нафақат бир қадимий асарнинг таржимаси, балки Ўзбекистонда манбашунослик мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бугун жаҳонда маданий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш долзарб вазифага айланган. Истахрийнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик" асари ҳам ана шу глобал жараённинг бир қисми сифатида Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилмоқда.
Тадқиқот натижаларидан кўринадики, минг йил аввал Мовароуннаҳр бўйлаб сафар қилган муаллифнинг кузатувлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, улар тарихчиларга ўтмишни қайта тиклаш, географларга қадимги ҳудудларни аниқлаш, маданиятшуносларга эса халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тадқиқ этишда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, "Китоб ал-масолик вал-мамолик" фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки Марказий Осиёнинг Биринчи Ренессанс даврини илмий асосда англашга хизмат қилаётган долзарб академик манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Дурдона Расулова
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати