Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ватан – дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танламайдиган ва ҳад-чегара билмас ажиб туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра ва сержило тушунчадир. Ватани бор инсон бахтли, Ватани йўқ инсон эса бахтсиздир. Киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган Ватандир.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси, Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган киши”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг иши эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими – ҳамма ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. “Ҳимоя қилиш” деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса, сўз билан ғанимларга раддия бериш орқали Ватанга тош отувчи ва иғвогарларга қарши кураш орқали инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилади.
Аммо Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳадисда келтирилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишни мақсад қилган. Акс ҳолда унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.
Хар бир инсоннинг Ватан олдида бир неча бурч ва вазифалари бор:
– маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, уни ўрганиш, ўргатиш ва келажак авлодга етказиш;
– табиатни муҳофаза қилиш;
– Ватанни ташки ва ички душманлардан ҳимоя қилиш;
– ўз она тилини сақлаш;
– Ватан ривожи йўлида ақлий, жисмоний ва моддий имкониятларни сарф қилиш;
– бор имкониятни сафарбар қилиб, ички фитна ва низоларнинг олдини олиш (чунки фитна-фасод аҳолини пароканда қилувчи энг катта балодир);
– аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Ватан қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаро қалбида Ватанга муҳаббат ҳиссини ошириш;
– ватандошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, келажак авлод тарбияси
йўлида қўлидан келган барча имкониятларни сафарбар қилиш.
Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин имом-хатиб иштирокида маънавий-маърифий тадбир ҳамда амалий семинар ташкил этилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициялари билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга Марказ экспозицияларида акс эттирилган буюк муҳаддислар, мутафаккирлар, фақиҳлар, олимлар ва давлат арбобларининг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди. Нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ва рақамли технологиялар уйғунлиги тарихий меросни замонавий форматда тақдим этиш имкониятини яратаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тошкент шаҳридаги «Ҳофиз Кўҳакий» жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажонов Марказни «нафақат музей, балки халқнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли намоён этувчи илмий-маърифий макон» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, экспозицияларда давлатчилик, илм-фан, меъморчилик ва маънавий мероснинг яхлит концепция асосида намоён қилиниши ташриф буюрувчиларда Ўзбекистоннинг цивилизацион тараққиётдаги ўрни ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилади.
– Бу марказ нафақат музей, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли тарзда акс эттирувчи илмий-маърифий макондир. Бу ерда инсоният тараққиётининг муҳим босқичлари, аждодларимизнинг илм-фан, давлатчилик, меъморчилик ва маънавият соҳасидаги буюк мероси яхлит ҳолда намоён қилинган. Айниқса, Амир Темур даври, Қуръони карим, дунёвий илмлар ва тарбия масалаларининг бир маконда уйғунлаштирилгани инсонни чуқур ўйга толдиради. Бу ерга келган ҳар бир киши Ўзбекистоннинг нақадар бой тарих ва юксак цивилизация соҳиби эканига яна бир бор амин бўлади, – деди Баҳром Отажонов.
Имом-хатиблар Марказнинг замонавий кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Минглаб қўлёзмалар, нодир китоблар ва илмий нашрларни ўз ичига олган фонд исломшунослик, мотуридийлик, ҳадисшунослик, фиқҳ, тафсир ва бошқа йўналишларда тадқиқот олиб борувчи олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий ресурс сифатида баҳоланди.
Олмазор туманидаги «Имом ат-Термизий» жоме масжиди имом ноиби Мансур Мусахон Марказда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафини бутун ислом олами учун улкан маънавий бойлик деб атади. Унинг фикрича, аждодлар меросининг замонавий музей технологиялари асосида намоён этилиши ёш авлоднинг тарихий хотираси ва маънавий тарбиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Бу ердаги ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихни ўзида мужассам этган. Энг катта таассурот қолдирган жиҳатлардан бири — асл Ҳазрати Усмон мусҳафининг шу ерда сақланаётганидир. Бу нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун улкан маънавий бойликдир. Шунингдек, аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашув асосида намоён этилгани ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Тарихи ва илдизига қизиққан ҳар бир инсон бу масканга албатта ташриф буюриши керак, – деди Мансур Мусахон.
Тадбир доирасида дин ишлари соҳаси мутахассислари иштирокида амалий семинар ҳам ўтказилди.
Косонсой тумани бош имом-хатиби Қодирхон Азизов семинар рақамли бошқарув тизимлари диний соҳада ҳам самарадорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Марказ кутубхонасида шаклланган бой илмий фонд ислом илмлари бўйича изланиш олиб борувчилар учун муҳим манба эканини қайд этди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки маданий мерос объекти, балки илмий тадқиқотлар, таълим, халқаро ҳамкорлик ва маърифий мулоқотни бирлаштирувчи нуфузли платформага айланиб бораётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати