Бир қишлоқда Юсуф исмли меҳрибон йигит яшарди. У ҳар куни қишлоқ четидаги чашмага бориб, чанқаган ҳайвонларга сув берар, маҳалладошларига кўмаклашишни канда қилмасди.
Кунларнинг бирида қишлоққа бир бегона одам келди. Унинг кийимлари йиртилиб, ўзи бир аҳволда, гапиришга ҳам ҳоли йўқ эди. Қишлоқдагилар унинг кимлиги ва нима мақсадда келганини билмасдан унга қарамади ҳам. Аммо Юсуф унга бефарқ бўлмай егулик ва сув берди. Ўзига келиб олиши учун ҳеч ким яшамайдиган пасқам уйидан жой тайёрлади. У Юсуфнинг меҳрибонлигидан таъсирланиб, кўз ёшлари билан миннатдорлик билдирди.
Бир неча кун ўтиб, у ўзига келганидан сўнг гап бошлади:
– Мен сизлардан бир неча чақирим наридаги қишлоқда яшайман. Ёз кунлари қишлоғимизга сув етиб бормаяпти. Сизлар эса сувнинг бошида яшайсизлар, шу боис сувдан тенг фойдаланиш ҳақида келишмоқчи бўлиб келаётган эдим. Аммо ярим йўлга етганимда ёмғир ёғиб, адир йўлидаги сой сувга тўлди ва йўлакниям ювиб мени ҳам оқизиб кетди. Шукрки, бир катта дарахтга илиниб, жоним омон қолди. Ёмғир тиниб, сув қайтгач, уйга қайтишни ҳам, сизлар томонга келишни ҳам билмай қолдим. Чунки ҳаммаёғим бир аҳволда эди. Нима бўлса, бўлар дея қишлоғингизга келавердим.
Юсуф унинг ниятини қишлоқ оқсоқолларига етказди. Улар: “Яхшилик қилишимиз албатта, яхшилик билан қайтади”, дея бу келишувга рози бўлди.
Шу тариқа икки қишлоқ орасида сув манбасини адолатли бўлишиш ҳақида келишув тузилди. Юсуфнинг меҳрибонлиги икки қишлоқни бир-бирига яқинлаштирди.
Нафиса ПАРДАЕВА
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати