Эрдон домла Эсанов, Шайх Зиёвуддинхон масжиди имом ноиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2025-2026 ўқув йилининг 49-битирувчиларини кузатишга бағишланган “ХАТМОНА – 2026” байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланган ушбу тантанали маросимда соҳа раҳбарлари, уламолар, давлат ташкилотлари масъуллари ҳамда муҳтарам меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров битирувчиларни ушбу қувончли кун билан қутлаб, уларнинг келгуси илмий ва амалий фаолиятларига муваффақият тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Хомиджон домла Ишматбеков, Президент Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Диний идора раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусовлар сўзга чиқиб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшлар таълим-тарбияси ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига тўхталди ҳамда илм аҳли зиммасидаги юксак ва шарафли масъулиятни таъкидлаб, дуои хайрлар қилдилар.
Қувончли ва унутилмас воқеаларга бой бўлган тадбир доирасида йил давомида илмий-педагогик, маънавий-маърифий ва ижтимоий соҳаларда алоҳида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ устозлар ҳамда иқтидорли талабалар муносиб тақдирландилар. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси номидан Абдуқодир Пардаев “Ижтимоий тармоқларда Раддия йўналишида энг кўп чиқиш қилган профессор-ўқитувчи”, Аслиддин Мирзамиддинов “Энг фаол тарғиботчи” ҳамда талаба Фазлиддин Шамиев “Фидойи ва жонкуяр талаба” номинациялари билан мукофотланди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан фан ойлигини юқори савияда ташкил этганлари учун кафедра мудирлари Юсуфхон домла Абдураҳимов ва Улуғбек домла Ҳасанов, мўътабар китоблар хатмидаги фаоллиги учун Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов ва Соатмурод домла Примов, намунали тўгарак фаолияти учун Фарҳод домла Жўраев ҳамда халқаро Қуръон мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган талаба Сирожиддин Жалиловлар ташаккурномалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида институтда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, намунали хулқи ва фидойилиги билан ажралиб турган битирувчилар Муҳаммаджон Одилов, Абдумажид Собиров ва Боймурод Муҳаммадиевларга институт ректори томонидан имтиёзли диплом ва ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
***
Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Тошкент ислом институтида хотин-қизлар бўлими битирувчиларига бағишланган “Хатмона – 2026” тантанаси бўлиб ўтди. Қуръон тиловати билан бошланган тадбирда институт раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора масъуллари ҳамда пойтахт отинойилари иштирок этиб, ёш олималарни қутлади ва келгуси диний-маърифий фаолиятларида зафарлар тиладилар. Аҳамиятлиси, бу йил институт тарихида илк бор магистратура босқичини тамомлаган икки нафар аёл талаба ҳам дипломга эга бўлди.
Маросим доирасида таълимда юқори натижа кўрсатган қизларга имтиёзли дипломлар, тўрт йиллик сарҳисоб видеороликлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Қуръони каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб берган 4 нафар мураттаб қорияга рамзий тож кийдирилди ҳамда икки йил давомида “Саҳиҳи Бухорий” китобини тўлиқ хатм қилган битирувчиларга устозлари томонидан махсус ижозалар топширилди. Тадбир якунида дину эл хизмати йўлида дуои хайрлар қилинди.
Барча битирувчиларни ушбу муборак айём билан қутлаб, динимиз ва халқимиз равнақи йўлидаги келгуси хизматларида улкан зафарлар тилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати