Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мадина – хурмолари билан машҳур шаҳар. Мадина хурмолари ичида энг афзали “Ажва” хурмосидир. Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ривоятлар ворид бўлган. У жаннат меваларидан, унда шифо бор, ким етти дона ажва хурмосидан еса, унга сеҳр таъсир қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари муборак қўллари билан Мадинада ана ўша ажва хурмосини экканлар.
Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, унинг отасидан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (оч қоринга) эрталаб ажвадан етти дона еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди”, дедилар (Учовлари ва Насоий ривоят қилганлар).
Саъд розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким ҳар куни тонгда еттита ажва хурмо еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди”, деганларини эшитдим».
Ажва – энг сифатли хурмо навларидан бўлиб, меваси кичикроқ, қорамтир, шираси мўътадил бўлади. У асосан Мадинаи Мунавварада етиштирилади. Ҳозир ҳам унинг қиймати баланд. Унинг заҳар ва сеҳрни кесиш хусусиятига эгалиги бугун қатор илмий тадқиқотларда тасдиқланмоқда.
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси