Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан хатми Қуръон тадбирларининг савиясини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Рамазон арафасида қориларни саралаш, уларнинг хатми Қуръон тадбирларига тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида суҳбатлар ташкил қилиш анъанага айланди.
Бугун 19 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлимида Рамазон ойида Республика ҳудудидаги масжидларда хатм қиладиган қориларни суҳбатдан ўтказиш Ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди.
Бўлим бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар домла Камолов раислигида ўтган ушбу йиғилишда устоз қорилардан иборат Ҳайъат аъзолари иштирок этдилар.
Йиғилишда Рамазон ойига муносиб тайёргарлик кўриш, хусусан, масжидлардаги хатми Қуръон тадбирларида қатнашадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати