Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқароларни қизиқтирган кўплаб масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар давомида ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, ўз вақтида ечим топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 21 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида диний саволлар, имом-хатиблар фаолияти, масжидлар ҳолати ҳамда моддий ёрдам масалалари кўриб чиқилди.
Мурожаат қилганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар юзасидан тавсиялар ҳамда белгиланган тартибда моддий кўмак кўрсатилди.
Маълумки, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати