Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Новқа ота” жоме масжиди имом-хатиби Шароф домла Азимовнинг волидаи муҳтарамалари Бахмал ҳожи онанинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олиб, иймон ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила мукофотласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Шароф домла Азимовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қурбон ҳайити яқинлашгани сари ижтимоий тармоқларда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш, устидан кулиш, уларни инсонлар каби “гапиртириш”, сўйилиши олдидан қўрқувини мазах қилишни акс эттирган турли ҳажвий видео, расм, гиф, мем ва бошқа турдаги тасвирлар кўпаяди.
Динимизда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш “шаръан ҳаром ва гуноҳ амал” саналади. Бунинг бир нечта асосий сабаблари бор:
1. Жонлиқларни мазах қилиш – Аллоҳнинг шиорларини улуғлашга зид амал.
Қурбонлик – бу шунчаки жонлиқни сўйиш эмас, балки Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган улуғ ибодат ва диннинг шиоридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Бошқа оятда: “Биз туяларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик...” дейилади (Ҳаж сураси, 36-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча муфассирлар “Оятдаги “шиор” сўзи – инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ҳар қандай ибодатни англатади” дейдилар.
Демак, қурбонликка аталган жонлиқни масхара қилиш – бевосита Аллоҳ буюрган ибодатни масхара қилиш, Аллоҳнинг шиорларини пастга уриш билан баробардир.
2. Ибодат билан ҳазиллашишнинг хатари
Диний амаллар, хусусан қурбон ҳайити каби муқаддас кунларда бажариладиган қурбонлик ибодати ҳазил-мазах мавзуси бўлмаслиги лозим. Агар инсон қурбонликни ёки шариатнинг бирор амалини қасддан камситиб, масхара қилса, бу унинг иймонига путур етказади. Ҳатто “шунчаки ҳазил” деб қилинаётган бўлса ҳам, бу иш гуноҳ ва ибодат ҳисобланган амалга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар улардан сўрасанг, албатта: “Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос”, дейишади. Сен: “Аллоҳни ва Унинг оятларини истеҳзо қилаётган эдингизми?” деб айт» (Тавба сураси, 65-оят).
Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик – Аллоҳ таоло буюрган ибодат. Уни “мем” ёки “прикол”га айлантиришдан эҳтиёт бўлинг. Бунинг учун:
1. Бундай расм ва видеоларга “лайк” босманг ва уларни тарқатманг.
2. Бундай контент тайёрлаётганларни огоҳлантиринг.
3. Қурбонлик бу – Аллоҳ буюрган ва Унинг розилиги учун қилинадиган ибодат эканини унутманг.
Даврон НУРМУҲАММАД