Бугунги даврда дунёнинг турли ҳудудларида юз бераётган тартибсизликлар, урушлар, бегуноҳ инсонларнинг мол-мулки ва жонига тажовузлар, обод масканларнинг вайрон қилиниши ҳамда жамиятда фитна ва фасоднинг кенг ёйилиши бевосита ақиданинг заифлашуви билан боғлиқдир. Гуноҳ ва жиноятларнинг ортиб бораётгани ҳам айнан эътиқоддаги бузилиш натижасидир. Шу сабабли аввало “ақида” ва “адашиш” тушунчаларига тўхталиб ўтиш муҳимдир.
“Ақида” сўзи луғавий жиҳатдан “бир нарсани маҳкам боғлаш, тугун қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, қалбда ишонилиши лозим бўлган ҳақиқатларни қатъий ва мустаҳкам ҳолда жойлаштириш демакдир. Яъни, мўмин инсон эътиқод масалаларини шубҳасиз ва собит ҳолатда қалбига жойлаб олиши керак.
“Ақида масаласида адашиш” араб тилида “залолат” деб юритилади. “Залолат” эса йўлдан чиқиш, тўғри йўлни йўқотиш деганидир. Ақидада адашган киши нафақат дунё, балки охират саодатига элтувчи йўлдан ҳам узилган бўлади. Бу эса ниҳоятда хавфли ҳолатдир. Оддий ҳаётда йўлини йўқотган одамни кимдир тўғри йўлга бошлаши мумкин. Аммо эътиқодда адашган кишини, ҳатто бутун инсоният жам бўлса ҳам, тўғри йўлга қайтариш жуда мушкулдир.
Шу боис банда Аллоҳ таолодан доимо ҳидоят сўраб яшаши лозим. Бу борада ҳам биз учун энг гўзал ўрнак — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У зот Аллоҳдан ҳидоят тилаб доимий дуо қилганлар ва бу дуони саҳобаларга ҳам ўргатганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидаги дуо зикр этилади:
اللَّهُمَّ اهْدِنَا فِيمَنْ هَدَيْتَ
Мазкур дуонинг маъноси: “Аллоҳим, ҳидоят қилган бандаларинг қаторида бизни ҳам ҳидоят қилгин.”
Ҳидоят устида собит туриш улуғ неъмат ва буюк амал ҳисобланади. Шунинг учун мўмин банда бу масалада Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашдан асло тўхтамаслиги керак. Фиқҳ уламолари намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб эканини таъкидлайдилар. Бунинг ҳикматларидан бири шуки, Фотиҳа сурасида: “Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин” мазмунидаги илтижо мавжуд.
Шариат ҳукмлари замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Аммо ақида ҳеч қачон ўзгармайди. Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёматга қадар барча мўминлар бир хил ақида асосида яшашлари шарт. Чунки барча амаллар эътиқод пойдевори устига қурилади. Агар ақида бузилса, қилинган амаллар ҳам беҳуда кетади. Эътиқодсиз ёки эътиқоди бузуқ инсон шайтоннинг дўсти ва яқинига айланади. Бундай кишининг амаллари сароб сингари йўқ бўлиб кетади.
Бугунги глобаллашган дунёда интернет ва ахборот тармоқлари орқали турли ёт ғоялар, нотўғри эътиқодлар кенг тарғиб қилинмоқда. Бу ҳолат эса жамиятда катта фитна ва хатарларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Шу боис замонимиз уламолари бу бузуқ оқимларнинг зарарини очиқ баён қилиб, инсонларни, айниқса ёш авлодни бундай фитналардан огоҳ бўлишга чақирмоқдалар.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси
Муҳаммад Мирмахаматов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ