27 нафар ўзбеистонлик талаба Малайзиянинг Ал-Бухорий халқаро университетига танловлардан муваффақиятли ўтиб, тўлиқ грант асосида бакалавр босқичида таълим олиш учун қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Талабаларни Куала-Лумпур халқаро аэропортида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари ва университет раҳбарияти тантанали кутиб олди.
Мазкур танлов олий таълим олиш учун етарли имкониятга эга бўлмаган ёшлар ўртасида ўтказилди. Улар тўрт йил давомида Малайзия олий таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ва халқаро таълим стандартларига мос келадиган дастурлар бўйича замонавий инфратузилма билан жиҳозланган йирик кампусда таҳсил олади.
Лойиҳа Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси ва Малайзиянинг Ал-Бухорий жамғармаси ва шу номдаги халқаро университет раҳбарияти ўртасида эришилган келишув асосида амалга ошириб келинмоқда.
Бунда “Вақф” хайрия жамғармаси томонидан жорий йилнинг 31 майига қадар келгуси ўқув йили учун танловда иштирок этиш истагини билдирган кам таъминланган оилалар фарзандлари орасидан номзодлар рўйхати шакллантирилади.
Бирламчи ҳужжатлар текширувидан ўтган ёшлар Ал-Бухорий халқаро университети қабул комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилади ва муваффақиятли ўтган номзодлар грант асосида талаба бўлишлари мумкин.
Ал-Бухорий халқаро университети 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, Ал-Бухорий жамғармаси томонидан хайрия асосида молиялаштириладиган хусусий олий таълим муассасасидир. Университет Кедах штатининг Алор Сетар шаҳрида жойлашган.
Айни пайтда олийгоҳда дунёнинг 60 дан ортиқ давлатидан 1572 нафар талаба таҳсил олмоқда. Кам таъминланган оилаларга мансуб талабалар учун бизнес бошқаруви, халқаро муносабатлар, иқтисодиёт, ислом молияси ва педагогика каби 12 та бакалавриат, шунингдек, 3 та магистратура ва 2 та докторантура (PhD) таълим йўналишлари бўйича ўқув дастурлари амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида онлайн илмий семинар ўтказилди.
“Имом Термизий мероси: меросни қабул қилиш ва ўрганиш анъаналари ҳамда ундан замонавий фойдаланиш истиқболлари” мавзусида ташкил этилган тадбирда Имом Термизийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг ҳадис илми ривожидаги ўрни, аллома асарларининг кейинги авлодлар томонидан қабул қилиниши ва тадқиқ этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Исломий даъват факультетининг исломий даъват ва маданият йўналиши доценти, профессор доктор Одил Абдуллоҳ Ҳиндий маъруза қилди. Унда Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, алломанинг ҳадис илми тараққиётига қўшган ҳиссаси, асарларининг илмий аҳамияти ва уларни замонавий тадқиқотлар асосида ўрганишнинг долзарб жиҳатларига тўхталди.
Шунингдек, буюк муҳаддис меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, илмий манбалардан замонавий таълим ва тадқиқот жараёнларида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Имом Термизий меросини ўрганишга қаратилган бундай илмий мулоқотлар аллома илмий меросининг халқаро миқёсда янада кенг тадқиқ этилишига хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати