Аллоҳ таоло бандаларига иноят этган энг улуғ неъматлардан бири – ҳаж ва умра ибодатидир. Бу муборак сафарлар фақатгина муайян амалларни адо этиш эмас, балки инсоннинг бутун ҳаётини ислоҳ қилишга қаратилган улуғ мактабдир. Ҳаж ва умра – қалбни поклайдиган, нафсни тийишга ўргатадиган, ихлосни мустаҳкамлайдиган ва бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган беқиёс ибодатдир. У зоҳирий сафардан кўра, руҳий тарбия ва ахлоқий камолот йўлидир.
Аслида ҳаж ва умра инсонни камтарлик, сабр, мулойимлик, соддалик ва тақвога етаклаши лозим. Чунки Аллоҳнинг уйига бориб, Унинг ҳузурида туриш шарафига муяссар бўлган инсон энди ўзини бошқалардан устун кўришдан узоқ бўлиши керак.
Афсуски, айрим ҳолларда ҳаж ёки умрадан қайтгандан сўнг бу ибодатнинг асл моҳияти унутилиб, дабдаба, кўз-кўз қилиш, ортиқча эҳсон ва ҳашаматли мажлислар авж олаётгани кузатилмоқда. Ибодатдан кейин камтарлик ўрнига манманлик, ихлос ўрнига риё, шукр ўрнига мақтаниш аломатлари пайдо бўлиши эса ҳаж ва умранинг руҳига мутлақо зиддир.
Ҳаждан қайтган инсон “Ҳаж қилдим” деб эмас, балки
“Аллоҳ мени Ўз ҳузурига чақирди, энди Унинг олдида масъулиятим ортди”, деган ҳис билан яшаши лозим. Бу ибодатдан кейин кийим-кечак эмас – ахлоқ ўзгариши, зиёфатлар эмас – муомалалар гўзаллашиши, фақат ташқи кўриниш эмас – қалб покланиши асосий мезон бўлиши керак.
Эҳсон қилиш – улуғ ва савобли амал. Бироқ эҳсон ҳам ихлос билан, исрофсиз ва риёдан холи бўлгани аҳамиятлидир. “Одамлар нима дейди?”, деган хавотир билан қариндош-уруғ ёки қўни-қўшнини имконидан ташқари харажатга мажбурлаш, ортиқча дабдаба қилиш ибодатнинг баракасини камайтиради. Эҳсон кимнидир қийин аҳволга солмаслиги, балки енгиллик, меҳр ва барака жам бўлиши лозим.
Бу масалада, айниқса, ҳурматли отинойиларимизнинг масъулияти беқиёсдир. Чунки отинойи – фақат сўз билан эмас, балки амали, ҳаёт тарзи, одоби билан тарбия берадиган шахсдир. Агар отинойи ҳаж ва умрадан кейин камтар бўлса, дабдабадан тийилса, ихлосни устун қўйса – бошқалар ҳам шундан ўрнак бўлади. Агар эҳсонни сокинлик билан, кўз-кўз қилмасдан қилса, жамият ҳам шу йўлдан боради.
Шунинг учун, аввало, биз – отинойилар ўзимиз намуна бўлишимиз, ўз ҳаётимизни доимо ислоҳ қилишимиз, ибодатдан кейинги ҳолатимиз билан бошқаларга щрнак бўлишимиз шарт. Зеро, минбарда айтилган насиҳат уйда, маҳаллада, тўй ва эҳсонларда ҳам ўз аксини топсин. Сўзимиз билан амалимиз бир бўлса, тарғиботимиз самарали ва баракали бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг муборак ҳаётларига назар ташласак, у зотда дабдаба эмас, соддалик, манманлик эмас, камтарлик, исроф эмас, қаноат устун бўлганини кўрамиз. Агар биз чиндан суннатга эргашмоқчи бўлсак, айнан шу йўлни танлашимиз лозим.
Ҳаж ва умра – унвон эмас, бир умрлик масъулиятдир. Бу ибодатдан кейин ёлғон тарк этилиши, ғийбат йўқолиши, исроф камайиши, кечирим, меҳр ва сабр кўпайиши керак. Ана шунда ҳажимиз ҳам, умрамиз ҳам нафақат шахсий ҳаётимиз, балки бутун жамиятимиз учун фойдали бўлади.
Азиз опа-сингиллар, ҳурматли онахонлар! Келинглар, ибодатни дабдаба билан эмас, тақво билан улуғлайлик. Энг аввало, ўзимиз амалимиз билан ўрнак бўлайлик. Ёш авлодга ҳаж ва умрани кўрсатиш учун эмас, ҳаёт тарзида намоён этиш лозимлигини англатайлик. Камтарликни шиорда эмас, амалда исботлайлик.
Аллоҳ таоло қилган ибодатларимизни ихлос билан қабул қилсин, қалбларимизни риё, манманлик ва исрофдан асрасин. Ҳаж ва умра ҳаётимизни гўзал ахлоқ, сабр ва меҳр билан безасин, омин.
Ризвоной Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати