Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2-курс талабалари учун 26 январдан 21 февралга қадар 4 ҳафталик танишув малакавий амалиёти ташкил этилди. Амалиёт назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштириш ва талабаларнинг касбий кўникмаларини оширишга қаратилган.
Талабалар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим, Қуръон ва тажвид, масжидлар, халқаро алоқалар, кутубхона, хотин-қизлар ҳамда матбуот бўлимларида, шунингдек, Фатво маркази, «Вақф» фонди ва бошқа тизим ташкилотларида амалиёт ўтамоқдалар.
Амалиёт давомида улар иш жараёнлари билан танишиб, соҳа мутахассисларидан тажриба орттирмоқда, жамоада ишлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирмоқдалар.
Мазкур жараён талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати