Мусобақада соҳа тизимида фаолият юритаётган ходимлардан тузилган жамоалар иштирок этиб, ўзаро қизиқарли ва муросасиз беллашувлар намойиш этдилар. Қизиқарли ва кескин ўтган ўйинлар якунида ғолиблар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, воллейбол мусобақасида Ўзбекистон тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Шахмат турида Ўзбекистон тумани “Имом Жаъфар” масжиди имом-ноиби Пайғамов Ниёзбек биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Қўштепа тумани “Сулаймонбек ҳожи” масжиди имом-ноиби Мирзараҳимов Муҳаммадюнус эса стол тенниси мусобақасида ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунларига кўра ғолиб ва совриндорларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати