Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2026   |   3 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2026, 3 Зулқаъда, 1447

29.01.2026   95618   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Закот ҳисобидан фақир уйини таъмирлаб бериш

20.04.2026   4693   2 min.
Закот ҳисобидан фақир уйини таъмирлаб бериш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Закот маблағлари орқали камбағалларнинг уйини таъмирлаб бериш мумкинми? Бу ҳолатда закот адо бўладими?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар бу иш тўғри шаклда ташкил қилинса, албатта закот адо бўлади. Закот маблағларидан уй-жойларни таъмирлаб бериш бир неча кўринишда амалга оширилиши мумкин:

1. Таъмирлаш учун пул бериш.
2. Қурилиш молларини олиб бериш.
3. Таъмирлаш жараёнини тўлиқ ташкил қилиб бериш.

Биринчи ва иккинчи ҳолатда закот адо бўлиши шубҳасиз. Чунки биринчи ҳолатда закот берувчи томон фақирга закотини беради ва шариатда талаб қилинган “тамлик” топилади. Иккинчи ҳолатда ҳам “тамлик” топилади. Қолаверса, мазҳабимиз қоидаларига кўра закот каби молиявий ибодатларда қийматини ёки унинг ўрнига бирор нарсани мулк қилиб бериш жоиз ҳисобланади.

Учинчи ҳолат эса бироз мураккаб жараён ҳисобланиб, агар тўғри ташкил этилса, закот адо бўлади, акс ҳолда закот ўтмайди.

Агар закот берувчи томон қурилиш ташкилоти билан тўғридан-тўғри ўзи шартнома тузиб, шу орқали камбағалнинг уйини таъмирлатиб берса, закот адо бўлмай қолади. Чунки бунда “маблағни камбағалга мулк қилиб бериш” эмас, балки “хизмат кўрсатиш” ёки “фойда келтириш” содир бўлади.

Агар камбағал киши закот берувчига “Уйимни таъмирлаш учун менинг номимдан уста ёки қурилиш-таъмирлаш ширкатини ёлла, кейин унга закот пулидан тўла” деса, бу ҳолатда закот пулидан уста ёки қурилиш фирмасига тўлаши мумкин. Чунки бу ҳолатда закот берувчи камбағалнинг вакили сифатида уста ёки қурилиш фирмаси билан шартнома тузади. Таъмирлаш натижасида камбағал билан уста ёки қурилиш фирмаси ўртасида қарздорлик юзага келади. Закот берувчи эса камбағалнинг буйруғи асосида ана шу қарзни закот маблағи орқали тўлайди.

Демак, учинчи ҳолатда закот адо бўлиши учун жараённи юқорида айтилганидек ташкил қилиниши лозим бўлади.

Ана шунда закот берувчи камбағалга таъмирлаш хизматини кўрсатган эмас, балки унинг қарзини ўз рухсати билан закот маблағлари орқали тўлаган бўлади. Шундай қилинса, закот тўғри адо бўлади Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар