Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ مِنْ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ. رَوَاهُمَا مُسلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман» бор эди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:
1. Неъматнинг заволидан.
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.
Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.
Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.
2. Офиятнинг бурилишидан.
«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.
3. Тўсатдан келадиган офатдан.
Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.
4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.
Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ