frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Кибр ва манманлик оқибати

30.01.2026   13218   8 min.
Кибр ва манманлик оқибати

Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?! Қайсики, Иброҳим: «Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам», – деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди. Иброҳим айтди: «Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай. »   (Бақара сураси, 258 – оят).

Қиссанинг мазмуни

Аллоҳнинг буюк пайғамбари, Иброҳим Халилуллоҳ билан ўзини илоҳ деб даъво қилган Намруд ўртасидаги баҳс қиссанинг мазмуни бўлиб, унда Аллоҳнинг буюклигини инкор этган, ўзини улкан зот деб ҳисоблаган бир подшоҳ билан бўлган. Уламоларнинг айтишича, бу подшоҳ Бобил шоҳидир. Унинг исми Намруд ибн Канъон ибн Куш ибн Сом ибн Нуҳ бўлган. Бошқалар эса уни Намруд ибн Фолих ибн Обир ибн Солих ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ деб атаганлар.

Ривоятларга кўра, у дунёда тўртта подшоҳлик қилган зотдан бири бўлган.

Улардан иккиси мўмин, иккиси кофир эди:

Мўминлар – Зулқарнайн ва Сулаймон (алайҳимуссалом). Кофирлар — Намруд ва Бухтуннаср (Набуходоносор).

Намруд тўрт юз йил подшоҳлик қилиб, жаҳолат ва зулмга берилган, дунё ҳаётини афзал кўрган.

Иброҳим (алайҳиссалом) билан баҳси

Иброҳим (алайҳиссалом) уни Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, Намруд кибр ва жоҳиллик билан рад этди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом):

«Менинг Раббим – тирилтиради ва ўлдиради», – дедилар.

Намруд унга жавобан деди:  «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман».

Муфассир уламолардан – Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ шундай деган: «Намруд бу сўз билан шундай демоқчи бўлган: “Мен икки одамни олиб келаман – биттасини ўлдираман, иккинчисини афв этаман. Шу билан мен ҳам тирилтирдим ва ўлдирдим», – деган.

Аммо бу жавоб аслида далилга қарши эмас, чунки Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзи ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратган Зот – Аллоҳ ҳақида эди. Намруднинг айтгани эса сиёсий қарор, яъни “ўлдириш ёки афв этиш” ҳақида эди, бу эса яратиш эмас.

 Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) аниқ ва рад қилиб бўлмас далил келтирдилар:

 «Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»

Бу далил олдида Намруд ҳайрон бўлиб, жавобсиз қолди.

Ҳикмат

Ушбу воқеа Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳикмати ва кофирнинг ожизлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло бу билан инсонларга шундай сабоқ беради:

Ҳақиқий яратувчи ва ҳаёт берувчи зот – фақат Аллоҳдир. Подшоҳлик ва куч инсонни Яратгувчи қилмайди. Илм ва далил билан ҳақиқат аниқ бўлади.

Иброҳим (алайҳиссалом) ва Намруд баҳсининг якуни

Нимруд билан бўлган баҳсда унинг ожизлиги ва нотўғрилиги кўпчиликка аввал бошда очиқ бўлмагани учун, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг келтирган иккинчи далилини зикр қилди – бу далил орқали у Намруднинг даъвосини рад этди ва Аллоҳнинг борлигига очиқ-ойдин далил келтирди.

Иброҳим (алайҳиссалом) шундай дедилар:

«Албатта, Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»

Яъни, бу қуёш ҳар куни шарқдан чиқади ва ғарбга ботади — бу уни яратган, бошқарган ва бўйсундирган Зотнинг буйруғидандир. У Зот — ҳеч қандай шериги бўлмаган Аллоҳ, барча нарсани яратган ягона Парвардигордир.

Шунинг учун Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар:

“Агар сен ўзингни тирилтирувчи ва ўлдирувчи деб даъво қилаётган бўлсанг, унда мана шу қуёшни ғарбдан чиқар. Чунки ҳақиқий тирилтирувчи ва ўлдирувчи Аллоҳ ҳар нарсани хоҳлаганидек қилади, унинг ишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. У барча нарсани итоат эттиргандир. Агар сен ҳам шундай экансан — қил бу ишни! Агар қила олмасанг, демак, сен ўзинг айтгандай илоҳ эмассан.”

Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) унинг жоҳиллиги, ёлғони ва даъвосининг ботиллигини аён қилди. Намруднинг жавоб беришга сўзи қолмади, у лол бўлиб жим бўлди.  Шунинг учун Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай деди:

 «Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай.» (Бақара сураси, 258 – оят).

Баҳсдан кейинги воқеалар

Муфассир Суддийнинг айтишича, бу баҳс Иброҳим (алайҳиссалом) оловдан қутулиб чиққан кунлари бўлган ва у киши аввал бу подшоҳ билан учрашмаган эдилар.

Абдурраззоқ ўз ривоятида Маъмар орқали Зайд ибн Асламдан нақл қилади:

Намрудда ғалла ва озуқа бўлиб, одамлар ундан егулик сўраб келишарди. Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам улар билан бирга бордилар. Шу учрашувда улар биринчи марта кўришдилар ва баҳс ҳам шу куни бўлди.

Иброҳим (алайҳиссалом) бошқалар каби емиш ололмадилар, қўллари бўш қайтдилар. Йўлда кетар эканлар, бир тепаликдаги қумдан икки халта тўлдириб, “ҳеч бўлмаса аҳлимни шу билан банд қилиб тураман”, деб уйларига қайтдилар.

Уйга етиб келишгач, Иброҳим (алайҳиссалом) дам олиш учун ётдилар. У кишининг завжаси Сора халталарни очиб қарадилар ва уларни тоза емишга тўла ҳолда топдилар. Шу емишдан таом тайёрладилар.

Иброҳим (алайҳиссалом) уйғониб, таомни кўриб ҳайрон бўлдилар:

 “Бу таом қаердан келди?” — дедилар.

Сора онамиз дедилар:

 “Сиз олиб келган емишдан тайёрладим”.

Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) тушундиларки, бу ризқ Аллоҳ томонидан берилган неъмат эди.

Намруднинг ҳалокати

Зайд ибн Асламнинг айтишича: “Аллоҳ таоло Нимруднинг ёнига фаришта юборди ва уни Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилди.

У биринчи марта рад этди. Иккинчи марта ҳам рад этди, сўнгра учинчи марта ҳам рад этди. Шунда фаришта унга деди:

 “Қўшинингни тайёрла, мен ҳам ўз қўшинимни тайёрлайман.”

Намруд саҳар вақтда ўз қўшинини йиғди. Шунда Аллоҳ таоло осмон ҳашоратларидан иборат пашшалар тўдасини Намруд лашкарлари устига юборди. Улар қуёшни тўсиб қўйишди – осмон қоронғу бўлди. Бу ҳашоратлар Намруднинг қўшинига ҳужум қилиб, уларнинг гўштини ва қонини ейишди, фақат суяклари қолди. Намруднинг барча лашкарлари қирилиб кетиб, унинг бурнига эса бир пашша кириб олди. Кейин миясига жойлашиб олиб, унга қаттиқ азоб бера бошлади. Намруд қирқ йил давомида шу хашорат билан азобланди. Унинг боши оғриганда хизматкорлари тўқмоқ билан уриб енгиллик беришарди. Намруд қаттиқ азобларга чидай олмай ўз ҳизматкорига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Хизматкор тўқмоқ билан секин урганида Намруд қаттиқроқ уришни буюради. Хизматкор Намруднинг бошига бор кучини йиғиб уриши оқибатида унинг боши ёрилиб, ичидаги пашша учиб чиқиб кетади ва Намруд эса шу заҳоти вафот этади.

Хулоса

Аллоҳнинг қудрати олдида подшоҳлик ва кибр ҳеч нарса эмас. Ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратувчи — фақат Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)нинг илми ва ҳикмати, Нимруднинг ожизлигини фош этди.   Аллоҳ золимларни ҳидоят қилмайди.

Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

​"Эй ўғилгинам..."

18.09.2026   13662   3 min.
​

Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар


Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.

«Эй ўғилгинам...»


Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.


Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:


«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».


Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.


Шундан сўнг Луқмон:

«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»

деб насиҳат қилади.


Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.


Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.


Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:


«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.


Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.


Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:


«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».


Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.


Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:


«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.


Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар


Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.


Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.


Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.


Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.


Шу боис Луқмоннинг:


«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир. 
 

Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли, 

Масжидлар билан ишлаш бўлими

                 етакчи мутахассиси таржимаси 


                                      

Мақолалар