Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан Рамазон ойида ўтказиладиган Хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди.
Мазкур анъанани давом эттириш мақсадида 2026/1447-ҳижрий йил Рамазон ойида республикамиз бўйлаб ўтказиладиган Хатми Қуръон тадбирларида қатнашадиган қориларни саралаш учун барча вилоят вакилликларида суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган.
Жумладан, бугун — 2026 йил 2 февраль куни Тошкент вилояти, Андижон, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги масжидларда хатм ўқийдиган қорилар иштирокида суҳбатлар бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида устоз қорилардан иборат ҳайъат томонидан иштирокчиларнинг Рамазон ойига тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди.
Al-Quran.uz
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси