Рамазони шариф Қуръони каримни яхши кўради, Қуръони карим ҳам уни севади, улар бир-бири билан яқин дўстдирлар. Аллоҳ таоло айтади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси, 185-оят).
Рамазон ойида Қуръони каримнинг барчаси дунё осмонига нозил қилинган ва бу ой ушбу Китоб унда нозил қилиниши билан шарафли бўлган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Жаброийл алайҳиссалом билан бирга Қуръондан дарс қилардилар, уни тинглаб, тиловат қилиб, оятларни тадаббур қилардилар. Унинг яхшиликлари узра яшаб, қалб кўзларини унинг бўстонлари аро сайр қилардилар ва муҳаббат кафтларини унинг хазиналари аро эркин қўярдилар.
Қуръон ўқийдиган рўзадор рўза тутган вақтида Қуръони карим ва Рамазон ўртасини улфат қилади ва буюк Китоб бирла ушбу ойни ўтказади. Бу улуғ Китоб ҳақида уни нозил қилган Зот бундай марҳамат қилади: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод сураси, 29-оят). “Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Муҳаммад сураси, 24-оят). “Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар” (Нисо сураси, 82-оят).
Рамазонда Қуръон тиловат қилишда ўзига хос илҳомланиш ва бошқа аломатлар бор. Унинг тиловати саховатларни янгилаб, нафасларни нафис атирлар ила хушбўйлантиради. Яна Рамазон ойида Қуръон тиловати унинг нозил бўлиши, ўзаро дарс қилиниши ва ўтган солиҳларнинг унга бўлган эҳтимомлари хотираларини қайта жонлантиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуръонни ўқинглар, Чунки у Қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлади”. Бошқа бир ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръондан таълим олган ва ундан таълим берганларингиздир”, дейилади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Икки заҳро(нур сочувчини) ўқинглар: Бақара ва Оли Имрон сураси. Чунки иккиси Қиёмат кунида ё икки булут, ё икки соябон ёки саф-саф қушлардан икки фирқа бўлиб келиб, соҳибларига соя қилади”. Набий алайҳиссалом яна марҳамат қилиб айтадилар: “Қуръонга моҳир бўлиб ўқийдиган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир”.
Шоир айтади:
Қуръоним, тингладим сени ғофил кеч кирганда,
Сайр айлатдинг коинот аро қалбим титратиб.
Сен-ла фатҳ этдик дунёни субҳ нурин сочганда,
Борлиқ узра учдик ҳар ерга ажр тўлдириб.
Солиҳ зотлар Рамазон келганда бошқа ишларини тўхтатиб, фақатгина Қуръон билан машғул бўлишарди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳақларида қуйидаги хабар келган: У зот Рамазон келса фақатгина Қуръон билан машғул бўлар, дарс бериш, фатво айтиш ва инсонлар билан ўтиришни тарк қилар эдилар ҳамда: “Бу Қуръони карим ойидир”, дер эдилар.
Рамазон кунлари ўтган солиҳларнинг уйларидан арининг овозига ўхшаш шовқин эшитилиб турар, бу уйлар саодатга тўлиб, ундан нур тараларди. Улар Қуръонни тартил (дона-дона) қилиб ўқишар, унинг ажойиботлари узра тўхташар, насиҳатларидан йиғлаб, башоратларидан қувонишар ва унинг буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан қайтишар эди.
Кунларнинг бирида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Нисо сурасининг аввалидан ўқиб бердилар. “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!” (Нисо сураси, 41-оят) оятига етганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кифоя қилади”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қарасам, у зотнинг кўзлари ёш тўкарди”.
Кўз ёшлар яноқ ила бирлашган дам,
Рост-у ёлғон йиғлаганлар ажралар.
Чин ёшлар соҳибин эритар алам,
Чунки ундан тақво атри таралар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатларини тингладилар, сўнгра бундай дедилар: “Тунда қироатингни тинглаётганимни кўрганингда эди! Дарҳақиқат, сенга Довуд алайҳиссалом аҳлининг най (хуш овоз)ларидан бир най берилган экан”. Шунда Абу Мусо розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, агар сиз мени тинглаётганингизни билганимда сиз учун янада зийнатлаган бўлар эдим!”, дедилар.
Бунинг маъноси, овозимни янада гўзалроқ қилиб, у ила Қуръони каримнинг таъсири, ажойиблиги ва гўзаллигини янада оширган бўлар эдим, деганидир.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар бир жойга тўпланиб қолса: “Эй, Абу Мусо, бизга Роббимизни эслатинг”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо розияллоҳу анҳу ўзларининг хуш овозлари ила қироат қилар, саҳобалар эса йиғлаб тинглар эдилар.
Қуръоннинг муҳим вазифаларидан бири инсонларни тўғри йўлга бошлашдир. У қалбларга шифо, илм, маданият ва маърифатдир. Қуръон ҳаёт, руҳ, нажот калити, саодат, ажр ва мукофотдир. Унда раббоний таълимотлар, илоҳий дастурлар ва абадий ҳикматлар мавжуд.
Шундай экан, Рамазонда ҳам, ундан бошқа ойларда ҳам Қуръон билан бирга яшаб, унинг улуғлигини англаб, у ила ҳаётимизни саодат, нур ва мазмун ила тўлдирайлик!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА