Савол: Умрага борганда бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Мадинада ҳам, Маккаи мукаррамада, тавоф ва саъйларда ҳам айрим эр-хотинлар қўлларини ушлаб юришибди. Улар орасида ёши катталар ҳам, ёшлар ҳам бор. Бу нарса эҳромга таъсир қилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эҳромдаги эр ва хотин жинсий яқинлик ва унга олиб борувчи амаллардан сақланиши лозим. Бу ҳукм ояти карима ва ҳадиси шарифларга асосланган. Аммо эҳромдан ташқари вақтда рухсат берилади.
Саволда айтилгандек, эр ва хотин бир-бирларини қўлларини ушлаб юришгани кузатилади. Чунки у ерларда тумонат одам тўплангани учун бир-бирини йўқотиб қўйишдан қўрқишади ва шу боис қўлларини ушлаб олишади. Лекин бундай нарсаларга ҳожат бўлмай, қўл ушлашиб юриш яхши эмас.
Чунки муқаддас маконларга сайру саёҳатга, томоша қилишга борилмайди, балки тавба-тазарру ва Аллоҳ таолога янада қурбат ҳосил қилиш, улкан ажру-савобларга эришиш мақсадида борилади. Зиёратга отланиб турган инсон асосий мақсадни унутиб қўймаслик лозим.
Эҳромдалик вақтида бунга аҳамиятли бўлиш лозим. Чунки агар эр ва хотин эҳромда бир-бирларининг қўлларини ушлаганда шаҳват, жинсий яқинликка мойиллик пайдо бўлса, жонлиқ сўйиш лозим бўлади. Шаҳватсиз ушласа, жарима бўлмайди.
Уламолар мазкур масалага бир қанча ҳадислар ва ояти каримани далил қилганлар. Аллоҳ таолонинг: “Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир”, сўзидаги “шаҳвоний нарсалар” деб таржима қилинган сўз оятда “рафас” деб айтилган. Бу сўзнинг баъзи тафсирларида жинсий яқинлик ва ушлаш ва ўпиш каби унга олиб борувчи ишлар дейилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси