“Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналишидир” – Ш.М.Мирзиёев.
Ҳозирги кунда аёлларнинг илм олиши жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланади. Илм ва таълим хотин-қизлар учун нафақат шахсий ривожланиш, балки ижтимоий ва иқтисодий фаолликни ҳам таъминлайди. Турли тадқиқотлар кўрсатадики, таълим даражаси юқори бўлган аёллар яшайдиган жамиятларда аҳоли саломатлиги, иқтисодий барқарорлик ва гендер тенглиги ҳам юқори бўлади.
4 февраль куни Бухоро вилояти "Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар бўлими бошлиғи Д. Эгамова ва бош мутахассис М. Абубакирова ташриф буюрди.
Учрашувда Д.Эгамова аёл-қизлар учун яратилаётган таълим имкониятлари, талабаларнинг илмий ва диний соҳадаги ҳиссаси, келажакда ватан ва динимиз равнақи йўлида фидойи инсонлар бўлишлари ҳақида фикр билдирди. М. Абубакирова диний-маърифий саводхонлик, бидъат-хурофотларга қарши чоралар ва аёл-қизларга хос масалалар юзасидан тавсиялар берди.
Тадбир якунида талабаларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати