Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Идора ходими Юсуф Мингтўраевнинг акаси Карим ҳожи бобонинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло Юсуф Мингтўраев ва марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати