Илгари бу ерда фақат кичик намозхона бўлган. “Файзобод” ва ён-атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладиган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида 2018 йилнинг 18 июнида Миробод туманидаги “Оқ уй” мусулмонлар қабристони ҳудудида янги жоме масжид барпо этиш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори чиқди.
2019 йил февраль ойида “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи ғишт қўйилди. Ҳашар йўли билан янги барпо этилган “Оқ уй” масжиди 2024 йил март ойида фойдаланишга топширилди. Масжид хонақоҳи сиғими олти минг кишига мўлжалланган, ҳайит намозларида ўн-ўн икки минг киши намоз ўқийди.
Жоменинг икки қанотида иккинчи қаватлари ҳам мавжуд. Шунингдек, катта хонақоҳ ҳажмича келадиган ертўласи ҳам бор ва у ерда ҳам намоз ўқилади. Масжиднинг битта минораси бўлиб, баландлиги йигирма етти метр.
Имом-хатиб ва имом ноиблари учун тўртта хона ажратилган. Улардан ташқари, яна бешта умумий хизмат хонаси, масжид кутубхонасида эса 250 дан ортиқ китоб бор. Иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган замонавий таҳоратхона бир вақтнинг ўзида 120 кишига хизмат кўрсатади.
Робия ДАМИН қизи
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги муқобил банк хизматларини жорий этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилмоқда. Унга асосан исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилиб, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, мамлакатимизда рақобат муҳитининг яхшиланишига ҳамда банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларнинг кириб келишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Senat.uz