Халқимизда қиз фарзанд тарбияси билан одатда она ва бувилар шуғулланади. Бироқ бу борада отанинг ҳам ўз ўрни бор. Айниқса, қизлар орасида беодобликлар кўпаяётган бугунги кунда бу масала янада долзарблашди. Чунки фарзанд тарбиясига оид муаммолар таҳлил қилинганда аксар ахлоқсиз ўғил-қизлар отасиз улғаётгани ёки ижтимоий тармоқларга ҳаддан ортиқ берилиб кетаётгани маълум бўлган.
Бугун ўспирин қизлар орасида TikTok, Instagram, Likee каби ижтимоий тармоқларга қарамлик авж олган. Улар тармоқлар орқали эътиборни жалб қилиш, “лайк” ва кузатувчилар билан ўз қадрини ўлчашни одат қиляптилар. Бу эса уларнинг тарбиясида жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти.
Моҳира Очилова бундай дейди: «Оилада қизимнинг тарбияси билан асосан ўзим машғул бўлардим. Дадаси унинг раъйига қарар, қаттиқ гапирмасди. Охирги пайтларда у интернет ва телефонга муккасидан кетиб, оддий танбеҳни кўтара олмай қолди. Ундан телефонни олиб қўйганимда, уйдан қочиб кетди. Шаҳар ташқарисида яшайдиган “Тик Ток” орқали танишиб олган қизнинг уйига кетибди. Профилактика нозирлари ёрдамида зўрға топдик. Кейинги ҳунари ошиб тушди. Ўз жонига қасд қилишга уринди. Зўрға қутқариб қолдик. Руҳшуносга мурожаат қилдик. Шифокор “Муолажаларга дадаси билан бирга келсин”, деди. Унинг айтишича, қизлар отасининг гапини икки қилолмайди, ундан ҳадиксирайди ва айнан унинг гапини қонун деб қабул қилади. Бу гапи тўғри чиқди, қизимнинг тарбиясига дадаси эътиборли бўлгач, у ўзгарди. Инглиз тили дарсларига қатнай бошлади, мактабдаги баҳолари яхшиланди, феъли ҳам ўзгарди. Чамамда оналар қалбан меҳрибон ва юмшоқ бўлади, болалар буни суиистеъмол қилишади. Шу боис айни кунда қизлар тарбиясида оталарнинг ўрни ҳар қачонгидан кўра зарур деб биламан».
* * *
Нигора Қодирова, Сариосиё туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси: «Мактабда 18 йилдан бериишлайман. Турли ўқувчиларни кўрдим. Таассуфки, ҳозир нафақат ўғил болалар, балки қизларнинг тарбиясига жиддий қараш замон талабига айланди. Олдин қизларни тикиш, тўқиш, пазандачилик каби тўгаракларга жалб қилардик. Улар бунга қизиқишарди ҳам. Аммо ҳозир қизлар телефонга ўч, бизнинг мактаб олис қишлоқда бўлишига қарамай, кўпчилик ўқувчиларда смартфонлар бор ва бу нарса уларнинг юриш-туришига, ўқишига салбий таъсир қиляпти. Энг ёмони, бўш қолди дегунча беъмани видеолар олишга шўнғиб кетади. Бундай қизларни назорат қилиш, тартибга чақириш қийин. Улар ўқитувчига қўпол муомала қилиши ҳам мумкин. Аммо эркак ўқитувчилардан бироз ҳадиксирашади, барибир эркак кишининг қаттиққўллиги таълим жараёнида ҳам сезилар экан. Бироқ мактабларда эркак ўқитувчилар жуда кам.
Одатда ахлоқида муаммоаси бор қизларнинг онасини эмас, айнан отасини чақирамиз. Чунки оилада оталарнинг талабчанлиги ёки тарбияга тўғри ёндашуви фарзандлар камолида муҳим. Шу боис мактабдаги ота-оналар мажлисига фақат оталар келишини талаб қиламиз». Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят оилада ота нафақат моддий таъминловчи, балки маънавий муҳофиз сифатида ҳам масъул эканини англатади. Афсуски, бугун орамизда шундай эркаклар борки, оилада уларнинг ўрни йўқ. На рўзғорга қарайди, на болалар тарбиясига. Соатлаб телефон томоша қилиш билан овора. Бундайлар эртага қиёматда оиласи ҳақида сўроққа тутилганда, нима деб жавоб бераркин?!
Қиз фарзанд тарбиясини тамомила онага ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Ота ҳам у билан ҳамфикр бўлиши зарур. Аслида қиз бола жуда сезгир бўлади. Падари билан вақтини ўтказишни, муваффақиятини эътироф этишини, хато қилганида тўғри йўл кўрсатишини истайди. У отаси тимсолида қўлидан ҳар иш келадиган ҳақиқий ҳимоячини кўради, шунинг учун унинг сўзини икки қилолмайди. Шу билан бирга, қиз фарзандга отанинг ортиқча қаттиққўллиги ҳам унинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Ортиқча эркалатиш эса масъулият ҳиссини пасайтиради. Шунинг учун ота – меҳр билан қатъиятни уйғунлаштириши, ҳам дўст, ҳам раҳбар бўлгани дуруст.
Орамизда бегона юртларда меҳнат қилиб оила боқаётган оталар ҳам талайгина. Улар телефон орқали фарзандларининг юриш-туриши, ўқишини доимий назорат қилишлари зарур. “Юзимни ерга қаратма, тўғри бўл, меҳнатдан қочма, доим ўқиш билан банд бўл, ойингга ёрдам бер. Сен оиламиз номусисан” каби сўзларни тасъирчан тарзда айтиш фарзанд тарбиясида манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.
Оналар ҳам оилада отанинг нуфузини, ўрнини фарзандларига англатиши керак. Ўзи ҳам итоатда бўлиб, фарзандларига намуна бўлиши лозим. Чунки бола онага қараб улғаяди. Оилада кўрганини қилади. Она отани беҳурмат қилса, фарзандлар ҳам шунга ўрганади ва бутун жамият шундай деган фикрга боради. Сўнгра уни назорат қилувчи киши йўқлигидан ўзбошимчаликни ўрганади. Устозу ўқитувчиларнинг кўрсатмаю даккилари ҳам кор қилмайди. Шу боис оталар оилада ҳам бошқарувчи, ҳам тарбиячи эканини унутмасдан, болаларимизга ҳам шуни англатайлик!
Нафиса ДЎСТМУҲАММАД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сони
http://hidoyatuz.taplink.ws
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан: «Бу сенга ким бўлади?» - деб сўрадилар. У: «Отам», - деб жавоб берди. Шунда у зот: «Унинг исмини айтиб чақирма, олдида юрма ва ундан аввал ўтирмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
***
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Ким отасига кўз қири билан (менсимай) қараса, унга оқ бўлибди».
Изоҳ: «Оқ бўлиш» ибораси араб тилида «кесиш», «узиш» деган маънони билдиради, шаръий истилоҳда эса ота-онага азият бериш, маъсият бўлмаган ишларда уларга итоатсизлик қилиш, уларни ғазаблантириш, норози қилиш, улардан алоқани узишга айтилади. Бинобарин, уни қандайдир қарғишга қолиш, бирор касалликка гирифтор бўлиш маъносида тушунмаслик керак.
***
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Отам вафот этганда бир йил давомида Аллоҳдан фақатгина отамни афв этишини сўрадим».
***
Умар ибн Абдулазиз Ибн Меҳронга шундай деган: «Ота-онасига оқ бўлган кимса билан дўстлашмагин. Чунки уларга оқ бўлган кимса сени ҳам ҳаргиз рози қилмайди».
***
Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтади: «Отанг яқин бўлган кишилар билан боғлангин».
***
Имом Мужоҳид айтади: «Кимни отаси урса, унинг қўлини қайтариши мумкин эмас. Ким ота-онасига тик қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким ота-онасини хафа қилса, уларга оқ бўлибди».
***
Аввом айтади: «Мужоҳиддан: «Агар намозга азон айтилса, шу пайт отам ҳам мени биров орқали чақириб қолса, қайси бирига жавоб қиламан» деб сўраган эдим. У: «Отанг (чақириғи)га жавоб бер», - деди...
***
Мужоҳид айтади: «Отанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».
***
Собит ибн Аслам Буноний айтади: «Биров отасини бир жойда ураётган эди. «Бу нимаси?» - деб сўралди. Шунда отаси: «Қўяверинглар, худди шу жойда мен ҳам отамни урардим. Болам билан шундай балоланиб, ўзим ҳам айни шу жойда уриляпман», деди».
***
Ибн Муҳайриз айтади: «Ким отасини исми ёки лақабини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди».
***
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Ота-онага термилиб боқиш ҳам ибодатдир».
***
Умар ибн Зирр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли вафот этганда: «Аллоҳим, унинг менинг ҳаққимда йўл қўйган камчиликларини кечирдим. Сен ҳам вожиб ҳақларинг борасида камчиликларини мағфират қилгин», - деб дуо қилди. Шунда ундан: «Ўғлинг сенга қандай яхшилик қиларди?» - деб сўралди. У: «Кундузи фақат ортимда, тунда эса олдимда юрарди. Мен турган уйнинг тепасига чиқмас эди», - деди...
***
Муалло ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Маъмуннинг шундай деганини эшитганман: «Фазл ибн Яҳё Бармакийдан кўра отасига яхшилик қилувчироқ кишини кўрмаганман. Айтилишича, унинг отаси Яҳё фақат иссиқ сувда таҳорат қиларди. Улар иккаласи зиндонга тушиб қолганда зиндонбон уларга ҳаво совуқ бўлган куни кечаси ўтин қирқишни тақиқлаб қўйди. Шунда Фазл зиндондаги кичкина хушбўйлик солинадиган идишчага сув тўлдириб, иситиш учун шамчироққа яқин олиб борди ва эрталабгача унга тутиб турди».
Ушбу воқеани Маъмундан бошқалар ҳам келтиради: «Эртаси куни зиндонбон Фазлга шамчироқда сув иситишни ҳам ман қилди. Шунда у идишни тўлдириб, тўшагига ўради ва уни бағрига босиб илитди».
***
Муовия ибн Қуррадан, «Ўғлинг сенга қандай муомала қилади?» деб сўралган эди. У: «У жуда хам яхши фарзанддир. Менинг дунё ишларимни зиммасига олиб, охират ишларим учун фориғ қилиб қўйган».
***
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ким отасининг олдига тушиб юрса, унга оқ бўлибди. Агар унинг йўлидан азиятни кетказиш учун (олдига ўтса) ундай эмас. Ким отасининг исмини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди. «Эй отажон» деса, ундай эмас».
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди