حدثنا علي بن عبد العزيز نا أبو حفص عمر بن يزيد الرفاء بالبصرة نا شعبة بن الحجاج عن عمرو بن مرة عن شقيق بن سلمة عن عبد الله بن مسعود قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ”ما بال أقوام يشرفون المترفين ويستخفون بالعابدين ويعملون بالقرآن ما وافق هواهم وما خالف هواهم تركوه فعند ذلك يؤمنون ببعض ويكفرون ببعض يسعون فيما يدرك بغير سعي من القدر المقدور والأجل المكتوب والرزق المقسوم ولا يسعون فيما لا يدرك إلا بالسعي من الجزاء الموفور والسعي المشكور والتجارة التي لا تبور.“
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам бундай дедилар: “Одамларга нима бўлдики, бадавлатларни эъзозлайди, ибодатгўйларни камситади, нафси ҳаволарига тўғри келсагина Қуръонга амал қилади, нафси ҳаволарига тўғри келмаса, уни тарк қилиб қўяди, натижада баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтиради. Саъй-ҳаракатсиз топиладиган ўлчаб берилган қадарга, ёзиб қўйилган ажал (муддат)га, тақсимлаб қўйилган ризққа ҳаракат қилади. Ҳаракат қилмаса етишиб бўлмайдиган ажру мукофотга, савобли амалларга ва касодга учрамайдиган тижоратга ҳаракат қилмайди?!”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати